Икки тарафлама музокаралар инсон ресурсларини ривожлантиришга хизмат қилади

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул идоралар раҳбарларининг II йиғилиши доирасида икки тарафлама музокаралар ва меморандумлар имзолаш маросимлари бошланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов Озарбайжон Республикаси Давлат имтиҳон маркази раҳбари Малейка Аббасзаде билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. 

Ҳужжатга кўра, икки ташкилот вакиллари иштирокида тематик семинарлар ва конференциялар ўтказиш, давлат хизматига қабул қилиш, давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш ва давлат хизматчилари реестрини юритиш масалалари бўйича тажриба алмашиш, давлат органларининг кадрлар бўлинмалари фаолияти ва кадрларни бошқаришнинг янги услублари ва технологияларини ўрганиш ҳамда кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида етакчилик ва бошқарувчилик хусусиятларига эга ёшлар орасидан энг яхши раҳбарларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш учун танлов ўтказиш тажрибасини ўрганиш масалаларида ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди.

Шунингдек, О.Ҳасанов Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат хизмати ва маҳаллий ҳокимият ишлари бўйича агентлиги директори Кудайберген Базарбаев, Қозоғистон Республикаси Давлат хизмати ишлари бўйича агентлиги раисининг ўринбосари Азамат Жолманов билан музокаралар олиб борди. Бу музокараларда 2024 йил учун ҳамкорлик йўналишлари режаси муҳокама қилинди ва келишувларга эришилди.