Туркий давлатлар ташкилоти комиссияси тил бирлигини мустаҳкамлаш учун 34 ҳарфдан иборат умумий алифбога келишиб олди
Жорий йилнинг 9-11 сентябрь кунлари Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) томонидан тузилган Турк дунёси умумий алифбоси бўйича комиссиянинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашув натижасида 34 та ҳарфдан иборат умумий туркий алифбо лойиҳаси келишиб олинди.
Учрашув Туркий Академия ва Турк тили институти билан ҳамкорликда ўтказилди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад туркий тиллар учун ягона алифбо лойиҳаси устидаги ишларни якунлашдан иборат эди. Комиссия 1991 йилдаги дастлабки лойиҳани кўриб чиқди ва керакли ўзгартиришлар киритди.
– Ушбу учрашув якунида 34 та ҳарфдан иборат умумий туркий алифбо таклифи юзасидан келишувга эришилди. Таклиф этилаётган алифбодаги ҳар бир ҳарф туркий тилларда мавжуд бўлган турли фонемаларни ифодалайди”, — дейилади расмий баёнотда.
Туркий тиллар академияси бу воқеанинг тарихий аҳамиятини таъкидлади. “Умум туркий алифбони ишлаб чиқиш туркий халқларнинг тил меросини асраб-авайлаш билан бирга ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади”, — дейилади баёнотда.
Ушбу лойиҳани мувофиқлаштирган Туркий академиянинг бош қароргоҳи Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида жойлашган.