Истеъмолчининг ҳуқуқи ҳамма жойда кафолатланиши зарур
Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг маслаҳат йиғилишлари ўз ишини бошлади.
Тадбирда, шунингдек, мазкур халқаро ташкилотлар котибиятлари, Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumer International)га аъзо давлатлар вакиллари, мамлакатимиз парламенти ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов сўзга чиқиб, тадбирдан кўзланган мақсад ва кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритди.
Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumer International) бош директори Ҳелен Лоран хоним видеомурожаат орқали маслаҳат йиғилишлари ишига муваффақият тилади.
Шундан сўнг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо ва иштирокчи давлатларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар раҳбарларининг Маслаҳат йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров, Евроосиё иқтисодий комиссиясининг техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича ҳайъати аъзоси Валентин Татарицкий ташкилотга аъзо давлатларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бугунги ҳолати, бу борада ҳамкорликда амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга эътибор қаратди.
– Мазкур нуфузли тадбир биринчи маротаба ва айнан Ўзбекистонда ўтказилаётгани бежиз эмас, – дейди ШҲТ бош котиби маслаҳатчиси Шоҳруҳ Бобонов. – Кейинги йилларда мамлакатимизда ушбу йўналишда қонунчилик такомиллашиб, жамиятнинг давлат ва халқ ҳаётидаги аҳамияти ошди. Шу ва бошқа илғор тажрибаларни ўзаро бўлишиш нафақат истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, балки ҳамкорликнинг кўп қиррали муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тадбирда ташкилотлар ўртасида халқаро, минтақавий ва миллий битимлар тузилиши, келишув ва меморандумлар имзоланиши режалаштирилган.
Йиғилишда ШҲТга аъзо давлатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари раҳбарлари ўз тажрибалари билан ўртоқлашди ҳамда таклифларини билдирди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари раҳбарларининг маслаҳат йиғилишида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари вакиллари иштирок этиб, ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари юзасидан фикрлашиб олдилар.
Йиғилишларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бошқа иштирокчи давлатлар ҳудудида ҳимоя қилиш, трансчегаравий мурожаатларни кўриб чиқиш, “рақамли бозор”да истеъмолчилар ҳуқуқини таъминлаш сингари долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
– Бу каби юқори салоҳиятли тадбирлар соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Грузия истеъмолчилар федерацияси раиси Коидзе Мадонна. – Боиси биз жараёнда ҳар бир давлатнинг тажрибасини ўрганиб, уни такомиллаштириш орқали ўзимизда қўллаш имконига эга бўламиз. Соҳада янгилик ўйлаб топиш керак эмас. Тажрибалар мавжуд имкониятларни тўғри қўллаш орқали ҳам юқори самарага эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Мисол учун, бизда истеъмолчилар ҳуқуқини медиа орқали ҳимоя қилиш тажрибаси бор. Бу лойиҳа истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган. Агар у иштирокчиларга қизиқ бўлса, хурсанд бўламиз.
Маслаҳат йиғилишларида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо-иштирокчи мамлакатларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларнинг Халқаро ассоциациясини тузиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.