Ўзбекдайин ўзбек бўлар ўзбек тилим
Бу дунёда ҳеч ким мени англамади,
Шеърларимни ўқимади – тингламади,
Қўшработда Эргаш Шоир куйламади,
Бу дунёнгда яшамоқлик – санъат,
билдим,
Оқинлар-у булбулларинг қайда, элим?
Мен ҳам азал сени жондан
севгайдирман.
Софлигинг деб ҳар кун дилдан
куйгандайман,
Юрак – оғриқ «сўз»лашларин
туйгандайман.
Бу дунёнгда яшамоқлик – санъат,
билим,
Улуғларинг қайда ўзи, она тилим?
…У ҳақмиди? Ҳаққа Ҳалло
тенглашгандек.
Тенгсиз бир руҳ разолат-ла
кенгашгандек,
Улуғ ҳакам устози-ла сенлашгандек.
Ўн бир аср бу баҳски топмас ечим,
Даҳри–дуннинг ғавғосига
ҳайрон тилим.
- Осмон! – дедим – осмонлаган
ёмон бўлди.
Не бир эрлар хотинларга қурбон бўлди,
Аёллари ўзга юртга ўлпон бўлди.
Бу дунёда яшамоқлик – санъат, билим,
Ғурурсизлар ор-номуси тилим-тилим.
Кун келарки, яшамоқлик хуш келмайди,
Сен ҳам ўтгач, мол-дунёнгни ит емайди.
Руҳи сўник миллатдошдан эл бўлмайди,
Мақсадларсиз изғима кўп, итмас йилинг,
Айтар сўзинг бўлмаса гар дудуқ тилинг.
Бу оламни тушунолмай ҳайрон қолдим,
Қай бир дониш файласуфдан
сабоқ олдим.
Зўравон руҳ бирисида, бири – золим.
Ва дариғо! Кант, Нишедан
қолди кўнглим,
Феълим – ўзбек! Тилим – ўзбек!
«От»дир йилим.
Тилин билмас ўз юртига ёт бўлгандир,
Гонсалеслар тилим балки ёд билгандир,
Кимлар ўзин шоҳ санабон
мот бўлгандир.
Сабрли халқ, сабр этганга
бермиш тўзим,
Ўз тилимдан айланайин ёлғиз ўзим!
Балки кимдир худпарастдир,
будпарастдир,
«Авесто»ни тан олмиш кас ўтпарастдир.
Турон менман! Халқим азал
юртпарастдир,
Ўзлигини билмаслар-чи,
тахтпарастдир,
Улусидан мосуволар – гадо, тилим.
Зардўштийман, алплиман, букун бекман,
Ўз юртингда бекдай яша, ким
этар ман?!
Эврилар Шарқ, Ғарб кимларга
эмиш ватан?!
Навоийни уқмасак гар куйгай билим,
Йўқотишлар адоғи йўқ букун тилим.
Ўзбеклар ҳам дунё билан бўйлашарлар,
Ғарб-у Шимол ўзбек билан
ўйлашарлар.
Ният надур? Яна нима кўзлашарлар?
Хорижнинг ҳар талвасаси бевақт ўлим,
Болаларнинг боласига қалқон элим.
Тили чиқмас гўдакларга «тил» едирар,
Ўзин билмас бетовфиққа қил едирар.
Ватанини сотганларга пул «едирар».
Еганлар-у емаганлар зап елдирим,
Ўша кунлар ортда қолди ахир, тилим.
Мен сўзлайман: гапирмасман
тевангларга.
Тил ширинми? Сўз ширинми? –
демангларда.
Ўзбеклигим сездим тўпор шевангларда,
Навоийни уйғотадир бир кун тилим,
Тил билмасга гадолик ҳам ортиқ, элим.
Навоийни билганларга Худо берди,
Ўзбек буюк бўлар деган садо келди.
Нафс босган ҳар бир касга бало келди,
Курашгир халқ яшамоққа топар билим,
Ўзбекдайин буюк бўлар ўзбек тилим.
Суннатулла ЖУМАҚУЛОВ.
(«Зарафшон» газетасининг 2005 йил 20 октябрь, 131-сонида босилган).