Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” (P4G) иккинчи халқаро саммитидаги нутқи

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, ушбу муҳим тадбирда иштирок этишга таклиф этгани учун Президент Мун Чже Ин Жаноби Олийларига ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Кореялик шерикларимиз томонидан барқарор ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш ва глобал миқёсда “яшил иқтисодиёт” масаласини кун тартибига қўйиш борасидаги ташаббус ва саъй-ҳаракатларни олқишлаймиз ҳамда уларни юксак баҳолаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, хусусан, Пан Ги Мун жанобларини Глобал яшил иқтисодий ўсиш институти ташкил этилганининг 10 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Ҳурматли форум қатнашчилари!

Пандемия инсон саломатлиги ва атроф-муҳитнинг ҳолати, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт бир-бири билан нақадар боғлиқ эканини яққол кўрсатди.

Бугунги кунда она табиатнинг ўзи бизга йўллаётган огоҳлик қўнғироғига бепарво бўлмаслигимиз керак.

Афсуски, иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бормоқда. Биз яшаётган Марказий Осиёда сўнгги 30 йилда ўртача йиллик ҳарорат тахминан бир даражага кўтарилди.

Минтақамиздаги асосий дарёларнинг ҳавзаси ва биологик хилма-хилликнинг қисқариб бораётгани жиддий хавотир уйғотмоқда.

Буғланиш даражасини оширадиган газлар ва атмосферанинг кенг миқёсда ифлосланиши муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда.

Бугунги кунда “яшил тараққиёт” борасидаги мақсадларга эришиш учун мамлакатларнинг ҳаракатлари янада фаол ва самарали бўлиши кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Бошқа чорамиз ҳам йўқ.

Биз Ўзбекистонда шу йўналишдаги муҳим ишларни бошладик.

“Яшил иқтисодиёт”га ўтишнинг кенг қамровли стратегиясини, шунингдек, Қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш дастурини амалга оширмоқдамиз.

Париж битими доирасида биз 2030 йилга бориб ҳавога зарарли газлар чиқаришни 10 фоизга камайтириш мажбуриятини зиммамизга олдик.

Биз минтақада биринчи бўлиб Глобал яшил иқтисодий ўсиш институтига қўшилдик ва ушбу тузилманинг ваколатхонасини Ўзбекистонда очиш ниятидамиз.

“Яшил иқтисодий тикланиш” соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчидан, “яшил технологиялар”ни кенг жорий этиш ҳисобидан Орол денгизи ҳалокатининг глобал оқибатларини бартараф этиш муҳимдир.

Ушбу масала бўйича биз шерикларимиз билан, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошида тузилган махсус Траст фонди ҳамда P4G платформаси доирасида фаол ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз.

Куни кеча Ўзбекистоннинг ташаббуси асосида Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида БМТнинг махсус резолюцияси қабул қилинишини қўллаб-қувватлаганингиз учун миннатдорлик билдираман.

Иккинчидан, “яшил энергетика”ни ривожлантириш орқали углерод ёқилғисига боғлиқликдан қутулишга интилмоқдамиз.

Биз қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишни бошладик. Яқин ўн йил давомида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини уч баробар кўпайтиришни мақсад қилганмиз.

Бундан ташқари, минтақамизнинг гидроэнергетика соҳасидаги улкан салоҳиятини ишга солишда қўшни давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилаяпмиз.

Келгуси йили Ўзбекистонда “Ривожланаётган мамлакатлар учун яшил энергетика” мавзусида халқаро конференция ўтказишга тайёрмиз.

Учинчидан, “яшил иқтисодиёт”ни барпо этишда ёшларни фаол жалб этиш бўйича Махсус дастурни амалга оширишга киришишни таклиф этамиз.

Бу келажакда “яшил”, яъни экологик тоза маҳсулотларни истеъмол қилиш маданиятини шакллантиришга катта имконият яратади.

Тўртинчидан, молия сектори ва инвесторларнинг “яшил технологиялар”га тобора ортиб бораётган ишончини рағбатлантириш ниятида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдоримиз.

Шу мақсадда Ўзбекистон P4G йўналишидаги шерикликка қўшилиш ва унинг тўлақонли иштирокчисига айланишга тайёр.

Сўзимнинг якунида бугунги саммит натижалари мазкур муҳим халқаро экологик платформа доирасида бизнинг амалий ҳамкорлигимизни кенгайтиришга хизмат қилади, деб ишонч билдираман.

Барчангизга муваффақиятлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.