Ўзбекистон Россияга газ экспортини тўхтатди

Ўзбекистон ички мавсумий истеъмолни қоплаш учун Россияга табиий газ экспортини бутунлай тўхтатди. Мазкур хабар юзасидан Bugun.uz батафсил маълумот олиш учун Энергетика вазирлиги билан боғланган.

Вазирлик 2022 йилда Ўзбекистон Россияга табиий газ етказиб беришни режалаштирмаётганини тасдиқлади.

«Айни пайтда Россияга газ етказиб бериш амалга оширилмаяпти, 2022 йилга мўлжалланган режалар ҳам йўқ», дейилади вазирлик маълумотида.

Қайд этилишича, 2018 йилда Ўзбекистон «Газпром»га 3,8 миллиард куб метр газ етказиб берган, 2019 йилда етказиб бериш ҳажмини 4,9 миллиард кубга оширган, 2020 йилда эса тўхтатилган. Ўз навбатида, 2020 йилда «Газпром» туркман газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаган.

«Марказий Осиё давлатлари ҳозир жуда жадал ривожланмоқда. Бу, биринчи навбатда, Ўзбекистонга тегишли. Биз бу мамлакатда истеъмолнинг катта ўсишини кузатяпмиз. Шу боис, табиийки, газ хариди маълум даражада қисқаради, чунки давлат газни ўз эҳтиёжлари учун йўналтиради», дея «Газпром» бошқаруви раиси ўринбосари, «Газпром экспорт» бош директори Елена Бурмистрова май ойида Ўзбекистон гази билан боғлиқ вазиятга изоҳ берган.