Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш масаласини муҳокама қилмоқда
Тошкентда 2020 йилнинг 28 январида Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаси ишчи гуруҳларининг Тожикистон Республикаси ҳудудида Зарафшон дарёсида биргаликда ГЭС қуриш масаласини муҳокама қилиш бўйича музокаралари бўлиб ўтди.
Шу мақсадда мамлакатимизга Тожикистоннинг Энергетика ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шоимзода Жамшед Шоди бошчилигидаги делегацияси ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов таъкидлаганидек, учрашувнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Зарафшон дарёсида гидроэлектр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланишда улушбай иштирок этиш тартиби ва шартлари тўғрисидаги битим лойиҳасини муҳокама қилишдан иборат.
Маълум келишувларга эришилганидан сўнг лойиҳа тафсилотлари электр энергияни харид қилиш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиш тўғрисидаги битимда баён қилинади.
Гидро электр станцияларни босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилади. Даставвал ҳисоб-китоб қиймати 282 миллион доллар, қуввати 140 МВт бўлган, 700-800 миллион кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарувчи Ёвон ГЭСи қурилади. Навбатдаги босқичда томонлар Фандарёда ҳисоб-китоб қиймати 270 миллион доллар, қуввати 135 МВт бўлган, 500-600 миллион кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарувчи ГЭС қурилиши имкониятини кўриб чиқади.
Қурилган гидроэлектростанциялар фақат Ўзбекистон Республикаси эҳтиёжлари учун 1400 миллион кВт.с экологик соф электр энергия ишлаб чиқаради.
Шунингдек, лойиҳа ягона энерготизими қувватининг энг юқори нуқтасини сақлашга, ГЭСни бирга қуриш ва фойдаланишда қўшимча иш ўринлари яратилишига, электр энергиянинг тенг асосда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бошқа ҳудудларига узатилишига кўмаклашади.
Тожикистон томони таъкидлашича, “Ушбу учрашув лойиҳани амалга ошириш борасида биринчи қадам бўлиб, икки давлат етакчилари иродасини ифодалайди”.
Шунингдек, делегация аъзолари Ўзбекистон томонидан энергетика соҳасида жадал ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
Қўшимча тарзда айтиш мумкинки, Тожикистонда Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 МВт га тенг иккита ГЭСни биргаликда қуриш масаласини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Тожикистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августда имзоланган қўшма баёнотида кўзда тутилган эди.
Кейинчалик ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да акс эттирилган.