Ўзбекистон - Хитой: СамДУ Хитой университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиради

Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов Пекин халқаро тадқиқотлар университетида ўтказиладиган Ўзбекистон-Хитой таълим форумида иштирок этмоқда.

Мазкур халқаро форум икки давлат олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим платформа вазифасини ўтайди.
22-23 январь кунлари Хитой пойтахти Пекин шаҳрида ўтадиган форумда икки мамлакатдан 100 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, илм-фан вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари қатнашмоқда.

Ўзбекистон – Хитой таълим форуми доирасида СамДУ ректори Хитойнинг Шенянг Аграр университети (Shenyang Agricultural university), Жилин халқаро таълим университети (Jilin International studiyes university), Шимолий-ғарб политехника университети (Northwestern Polytechnical University), Хейлонгжиянг университети (Heilongjiang University) ва бошқа олий таълим муассасалари ректорлари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаши кутилмоқда.

Ушбу ҳамкорлик шартномаларида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, малака ошириш ҳамда қисқа ва узоқ муддатли стажировкалар, қўшма лойиҳалар ва таълим дастурларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Самарқанд давлат университети
ахборот хизмати.