Ўзбекистонда 3 ой давомида 115 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган

Жорий йилнинг 3 ойи давомида республика бўйича жами 87 та жиноят иши бўйича 115 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 4 нафари вилоят ва 111 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 50 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, 21 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 7 нафари фирибгарлик, 6 нафари мансаб сохтакорлиги, 3 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 1 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ва 27 нафари бошқа омиллар сабаб жиноятларни содир этишган.

Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 51,3 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 18,3 миллиард сўми ундирилган.