Ўзбекистонда биоиқтисодиёт бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида “Мамлакатлар ва ҳудудларнинг барқарор ривожланиши учун биоиқтисодиёт” номли биринчи халқаро илмий-амалий форум бошланди.

Форум Ўзбекистон, Латвия, Литва ва Финландия давлатларининг еттита университети ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда илмий ходимлар, давлат муассасалари, иқтисодиётнинг турли тармоқ корхоналари вакиллари ҳамда халқаро ва маҳаллий экспертлар делегациялари иштирок этди.

- Ўзбекистон тармоқ иқтисодиётидан биоиқтисодиётга янада самарали ўтишни амалга ошириш учун улкан салоҳиятга эга, аммо бу мақсадларга эришиш учун мамлакатда биоиқтисодий ёндашувларни саноат амалиётига жорий этадиган юқори малакали мутахассисларга муҳтож, - деди филиал директори, иқтисодиёт фанлари доктори Шавкат Ҳасанов. - Мана шу лойиҳа доирасида жорий 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб тўртта олий таълим муассасаси, жумладан, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ва Бухоро давлат университетида жами олтитадан 24 нафар магистрлар қабул қилинади. Ўзбекистонда иқтисодиётнинг янги сектори бўлган биоиқтисодиёт бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади. Лойиҳа Эрасмус+ дастури томонидан молиялаштирилади.

Форумда Ўзбекистонда биоиқтисодиётни ривожлантириш имкониятлари, унинг моҳияти, ўрни, афзалликлари, тармоқ ёндашувидан фарқлари, ягона биоиқтисодий экотизимда турли субъектларнинг вазифалари ва афзалликлари ҳақида фикр юритилди.

Икки кун давом этадиган форумда хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари билан биоиқтисодиёт йўналишида мутахассислар тайёрлаш бўйича тажриба алмашилади.