Ўзбекистонда давлат органлари раҳбарлари фаолиятини жамоатчилик фикри асосида баҳолаш йўлга қўйилади
Бу ҳақда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисидаги президент фармонида белгиланган.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси қуйидаги 5 та устувор йўналишдан иборат. Тўртинчи йўналишда қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш бўйича бир неча мақсадлар қўйилган.
Хусусан, давлат фуқаролик хизматини мелитократия (бошқарув тамойили бўлиб, шахсларнинг ижтимоий келиб чиқиши ва молиявий ҳолатидан қатъи назар, давлат бошқарувида раҳбарлик лавозимларини энг қобилиятли ва муносиблар эгаллаши зарур, деган мазмунни англатади), ҳалоллик ва профессионаллик тамойиллари асосида ташкил этиш мақсадида:
➖ давлат органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосаларлари фаолиятини жамоатчилик фикри асосида баҳолаш амалиёти йўлга қўйилади;
➖ Миллий кадрлар захирасида раҳбарлик лавозимига номзодлар сони камида минг нафарга етказилади;
➖ “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган фуқаролик хизмати тизимини тўлиқ ишга тушириш доирасида ушбу тизим билан 70 дан ортиқ давлат органлари қамраб олиниши таъминланади;
➖ давлат фуқаролик хизматчиларини узлуксиз малака ошириб бориш тизими билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади.
Халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизими самадорлигини ошириш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларида мурожаатларни қоғоз шаклида рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади.
Барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда, шу жумладан, тегишли мобил илова орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади. Мурожаатларнинг камида 80 фоизини маҳаллий даражада қаноатлантириш таъминланади.