Ўзбекистонда Жерар Депардье иштирокида ҳужжатли фильм суратга олинади

Парижда таниқли француз актёри Жерар Депардье иштирокида фильм суратга олиш масалалари муҳокама қилинди.

Кеча, 10 октябрь куни Парижда дунёга машҳур француз актёри Жерар Депардье ва “Буюк ипак йўли” номи остидаги лойиҳа иштирокчиларининг Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильм ишлаш ва уни Франция ва Ўзбекистон телеканалларида намойиш этиш бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси С.Рустамбоев, “Ўзбеккино” раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва «B-Tween Production» компанияси бош директори Арно Филе иштирок этди. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳам ушбу лойиҳанинг ҳамммуаллифлари ҳисобланади.

Томонлар фильм лойиҳасининг амалий жиҳатларини муҳокама қилди. Фильм муаллифларининг фикрига кўра, бош қаҳрамон Жерар Депардье бутунлай янги қиёфа орқали томошабинларга Ўзбекистонга мутлақо янги нуқтаи назар тақдим этади. Одатий йўналишлардан холи ҳолда фильм ғояси француз томошабинлари учун Ўзбекистоннинг янги қиёфасини очишга йўналтирилган.

Шу мақсадда лойиҳа ташкилотчилари Ўзбекистоннинг энг ғайриоддий ва сирли масканларида суратга олиш ишларини режалаштирмоқда. Бу Амударё бўйидаги ноёб ОКС Искандарияси, Будда ва Кушон ёдгорликлари, Фаёзтепа, Авлиё Дониёр ва учта пайғамбарларнинг қабри ва бошқалар. Шунингдек, таълим тизимида ислом динининг роли ва моҳиятига алоҳида эътибор берилади.

–   Ўзбекистонда амалга оширилаётган ноёб ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати бугун барчага маълум, - деди актёр Жерар Депардье. - Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом дини - эзгулик, тинчлик, бунёдкорлик ва бағрикенглик дини эканлигини дунёга кўрсатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари мени таъсирлантирди. Бу менинг шахсий қарашларимга мос келади. Чунки мен исломдан сиёсий ва худбин мақсадларда фойдаланишга қаршиман.

Бой тарихга, бетакрор табиати, самимий ва меҳмондўст халқига эга Ўзбекистонни қайта кашф этиш имкониятига эга бўлганим мени илҳомлантиряпти. Ушбу мамлакатга сафаримни сабрсизлик билан кутяпман.

Жерар Депардьега "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси тақдим этилди.

Бундан ташқари, лойиҳа ташкилотчилари ва телеканал бош директори Катрин Шёфер раҳбарлигидаги "Paris Premiere" телеканалининг топ-менежерлари билан учрашув ўтказилди ва ушбу канал орқали 2020 йилнинг февраль-март ойларида фильмни намойиш этиш борасида келишиб олинди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ахборот хизмати.