Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган 706 бемор қолмоқда, 10 нафарининг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморларни аҳволи ҳақида маълум қилди:
➖ Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси қайд этилган 2217 бемор рўйхатга олинган. Куни кеча яна 96 фуқаро тўлиқ соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди. Шу тариқа касалликдан тўлиқ соғайганлар сони 1501 нафарга етди. Бу умумий касалланганларга нисбатан 68 фоизни ташкил қилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 706 бемордан 10 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Мамлакатимизда коронавирус касаллиги қайд этилиш даражаси бир мунча пасайди. Касалликдан даволаниб, реабилитацияга ўтган шахслар сони ҳам ортиб боряпти. Албатта, бу ижобий кўрсаткич.
Кеча Президентимиз видеоселектор йиғилишида тоифаларга бўлган ҳолда ҳудудларда босқичма-босқич карантин тадбирларини юмшатиш бўйича алоҳида топшириқ берди. Бундан барчамиз мамнунмиз. Ҳар бир ҳудуд қайси тоифага мансублигини аниқлаш учун чуқур таҳлиллар олиб бориш керак бўлади, албатта.