Ўзбекистонда ОИВга чалинганлар сони 42 минг нафардан ошди
1 ноябрь ҳолатида Ўзбекистонда ОИВга чалинганлар сони 42098 нафарни ташкил этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Дастлабки 10 ой давомида мамлакатда 3337 та ОИВга чалиниш ҳолати қайд этилди. Бунда 1919 нафарини эркаклар (57,5%) ва 1418 нафарини аёллар (42,5%) ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу рақамлар 69 тага ёки 1,8 фоизга камайди.
ССВ ОИВнинг онадан янги туғилган чақалоққа юқиши ҳолатлари 2013 йилдаги 2,3 фоиздан 2018 йилда 0,3 фоизга камайганини ҳам қайд этиб ўтди.
Бугунги кунда мамлакатда 28 минг нафардан зиёд бемор антиретровирус терапиясини олмоқда. Бу даво жиддий касалликларнинг келиб чиқиши ва инфекциянинг бошқаларга юқишининг олдини олади.
Сўнгги йилларда вирусга қарши дори воситаларини сотиб олиш учун ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш глобал жамғармаси томонидан тақдим этилган 15 миллион долларлик маблағлар сарфланди.
Бу йил мамлакатимизда 1 декабрь - Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни “Ҳамжамият ўзгаришларга эришмоқда” шиори остида кенг нишонланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича дастури -ЮНЭЙДСнинг берган маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 37 миллион ОИВ инфекцияси билан яшаётган шахслар ҳисобга олинган. Ўтган йили ОИВ билан боғлиқ сабаблардан 770 минг киши, бугунги кунгача эса жами 32 миллион киши вафот этди.