Ўзбекистонда сайловлар анча такомиллашган

Самарқандда давом этаётган Президент сайловини халқаро кузатувчилар, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам бевосита кузатиб бормоқда. Биз уларнинг айримлари билан суҳбатлашиб, жараён ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

Алексей САНДЫКОВ, Арманистон Миллий Ассамблеясининг минтақавий ва Евроосиё интеграцияси масалалари бўйича доимий қўмитаси аъзоси, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси кенгаши вакили:

- Президент, парламент сайловларини ташкил этиш, уни халқаро талаблар асосида ўтказишда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ўзига хос тажрибага эга мамлакат ҳисобланади.

Бу ижобий ҳолат бугун ўтказилаётган сайлов жараёнида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Ўзим кузатаётган сайлов жараёни ҳақида ҳам ижобий фикр билдириш мумкин. Шуниси қувончлики, сайловчиларнинг сайлов бошланишидан аввал участкаларга келиши, сайлов мутасаддиларининг участкалардаги тайёргарлик жараёнлари эътиборимни тортди. Муҳими, ҳар бир фуқаро ўзи танлаган номзод учун ҳеч қандай ташқи таъсир, тазйиқ асосида эмас, эркин, демократик тамойиллар асосида овоз бермоқда.

Сайлов участкаларида ташкил этилган шарт-шароитлар ҳавас қиларли. Халқаро ташкилот вакили сифатида дунёдаги кўплаб мамлакатларда бундай жараёнларда қатнашиш бахти насиб этган.

Бугунги сайлов фуқароларнинг фаоллигини, ҳар бир номзод ҳақида ўз қараши борлигини намоён этмоқда. Бу ҳол охирги тўрт-беш йил ичида мамлакат фуқаролари, сайловчиларнинг муҳим сиёсий тадбирга ўзгача ижобий дунёқараш билан ёндашаётганлигини англатади. 

Мен сайловнинг ҳеч бир муаммосиз, халқаро талабларга мувофиқ ўтаётганлигига ишончим комил. Ўйлайманки, Ўзбекистон ва шу мамлакатда яшовчи миллат ва элат вакиллари ўз келажагини танлаган номзоди фаолияти ва хизмати билан боғлашга умид билдирадилар.

Алес ВОНДРАЧЕК, халқаро кузатувчи (Чехия):

- Сайлов жараёнлари халқаро талаблар асосида ташкил этилган. Ташкилий ишларда ҳеч қандай муаммо йўқ. Агар Чехия билан солиштирадиган бўлсак, Ўзбекистонда анча олдинга силжиш бор. Мисол учун, сайловчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилганлигини таъкидлаш жоиз. Бизда электрон рўйхат тизими йўқ. Бизда почта орқали ҳам овоз бериш мумкин. Ўзбекистон сайлов тизимига бу киритилмаган экан.

Бугун сайлов жараёнларини бевосита участкаларда кузатиб, ўзбекистонликларнинг сиёсий жараёнларга ўта масъулият билан ёндашаётганлигини кўрдим. Демак, ҳар бир фуқаро давлатдаги сиёсий жараёнларга бефарқ эмас. Бу ҳам демократик тамойилларнинг жамиятга сингиб бораётганлигини кўрсатади.

Ўйлайманки, Ўзбекистон фуқаролари сайловда энг муносиб номзодни танлаб, дунё миқёсидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.