Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фуқаро сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин

Сайловлар нафақат демократиянинг намойиши, балки бу муҳим жараённи мустаҳкамловчи, одамларнинг сиёсий онгини, ҳуқуқий маданиятини тарбияловчи, демократик кўникмаларини, ўз хоҳиш-иродасининг эркин ифодасини шакллантирувчи омил.

Бу мамлакатда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлик демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади. Шунга кўра, “Бир сайловчи, бир овоз” тамойили асосида фуқаролар ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиб сайлов жараёнида фаол қатнашади. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Яширин овоз бериш сайловчи устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни очиқ ва ошкора ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Хусусан, участка сайлов комиссиясида қабул қилинадиган қарорларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Сайлов кодексининг 25-моддаси талабларига риоя қилган ҳолда чет давлатларда, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссияларидан ташқари, участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан бўлиши мумкин эмаслигига риоя қилинмоқда.

Сайловда овоз беришда ҳам кенг имкониятлар мавжуд. Жумладан, суд томонидан муомалага лаёқатиз деб топилган шахслар, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслардан бошқа ҳар қандай 18 ёшга тўлган фуқароларимиз сайлаш ҳуқуқига эга.

Яна бир муҳим жиҳат, сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхати ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкин. Сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатилади.

Сайлов участкасига келган сайловчининг шахсига оид маълумотлар сайловчилар рўйхатидан чиқмаган ҳолда сайловчи шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжати асосида сайловчилар рўйхатининг иловасига киритилади ва унга сайлов бюллетени берилади.

Сайловда овоз бериш учун сайловчида ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлиши шарт. Овоз бериш биносига келгач, сайловчи сайлов комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатади. Участка сайлов комиссияси аъзоси сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида унинг сайловчилар рўйхатидаги маълумотларини текширади, унга овоз бериш учун сайлов бюллетенини имзо қўйдириб топширади.

Ҳар бир фуқаро сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.

Сайлов бюллетени бузиб қўйилганда янгисига алмаштирилади. Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра, участка сайлов комиссияси томонидан янгисига алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниб, бекор қилинади ва алоҳида сақланади.

Бобоқул Тошев,
Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор.