Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш қанчалик муҳим?

Табиат билан иқтисодиёт ўртасида боғлиқлик кишилик жамиятининг илк босқичларидан маълум.

Табиат инсонни озиқ-овқат кийим–кечак жой ва бошқа зарурий моддий неъматлар билан таъминлайди. Инсон табиатдан эстетик завқ олади, унинг таъсирида меҳнат қилади, маҳсулот яратади, хизмат кўрсатади, соғлигини тиклайди, улғаяди, хуллас, ҳаёт учун барча зарурий неъматлардан баҳраманд бўлади. Шундай экан иқтисодиёт тараққиёти бевосита табиий ресурсларига боғлиқ. Аммо жаҳонда сўнгги йилларда ривожланаётган мамлакатлар ўртасида саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида олиб борилган мусобақалар натижасида, табиий ресурслардан оқилона фойдаланилмади, оқибатида чиқиндилар ҳажми ҳаддан зиёд ошиб борди. Булар ўз навбатида атроф муҳитга, инсонлар саломатлигига салбий таъсир қила бошлади. Экстенсив ривожланиш иқтисодиётни (хўжалик юритувчи субъектларни) табиат қонунларига зид равишда фаолият юритишини тақозо этади. Бундай усулнинг жадал ривожланиши глобал даражадаги экологик инқирозга сабаб бўлди. Буларнинг барчаси жаҳон миқёсида яшил иқтисодиётга ўтиш заруратини келтириб чиқарди.

Ер шари аҳолисига таҳдид солаётган глобал экологик инқироз Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади ва охирги ўн йилликда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсата бошлади. Айрим иқлимшунос экспертлар мамлакатимизга ўз таъсирини кўрсатган иқлим ўзгаришларини асослаб бердилар.

Хусуан, мамлакатимиз 191 мамлакат орасида иқлим ўзгариши таъсири даражаси бўйича 96-ўринни, INFORM 2022 хавф индексида-табиий офатлар хавфи бўйича 111-ўринни эгаллайди.

2021 йилда атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар эмиссияси ҳажми 909 минг тоннани ташкил этди.

Қурғоқчиликка мойил аҳоли улуши 76,3 фоизни ташкил этди.

Ушбу экологик хавф-хатарларнинг олди олинмаса, уларга бирон бир ечим топилмаса 2030 йилда қуйидаги хавфлар келиб чиқиши мумкин:

- аномал иссиқлик туфайли аҳоли соғлиғини сақлаш ва ижтимоий ҳимоя бўйича ЯИМнинг 6 фоизи миқдорида қўшимча харажат юзага келади;

- иқлим ўзгаришининг бевоситатаъсирининг иқтисодий қиймати ЯИМнинг 1 фоизини ташкил этади;

- ер деградацияси ЯИМнинг 4 фоизига тенг иқтисодий йўқотишларга олиб келади.

 Ўзбекистонда “Яшил иқтисодиёт”га ўтишнинг долзарблиги ва зарурлиги қуйидаги омиллар билан белгиланади:

атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва табиий ресурслар тугашининг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида иқтисодиётда технологик модернизациялашни амалга оширишни зарурлиги;

углеводород хом-ашёси ва унинг пировард маҳсулот қийматидаги улушига   боғлиқлигини   қисқартириш   асосида   иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш;

катта мультипликатив самарага эга бўлган юқори технологияли тармоқларни янгилаш имконини берувчи яшил инновацияларни қўллаш;

паст углеродли иқтисодиётга ўтиш жараёнида углеводородга боғлиқликни қисқартириш.

Аммо шуни эътиборга олиш лозимки “яшил иқтисодиёт”га ўтиш зарурлигини илмий асослашнинг мураккаблиги, экологик муаммоларни прогнозлашнинг юқори даражада ноаниқлиги ушбу концепцияни тушунарли, содда тарзда тушунтиришда қийинчиликлар туғдиради. Жумладан, иссиқхона газларини атмосферага чиқариш муддати ва даражасини пасайтириш бўйича ягона келишув мавжуд эмас.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Ўзбекистон углеводород энергияси – нефть, газ, кўмирдан фойдаланиш ҳисобига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида 4,5 фоизини йўқотмоқда. Қолаверса, мамлакатдаги энергия ишлаб чиқарувчи қувватларнинг салкам ярми эскирган. Уларни тиклаш ёки модернизациялаш катта маблағни талаб қилади. Бунинг ўрнига ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали ҳисобланган “яшил энергетика”га ўтиш минг чандон афзал. . Чунки “Яшил иқтисодиёт”нинг муҳим компоненти қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш ва фойдаланиш ҳисобланади. Бу жиҳатдан Ўзбекистоннинг салоҳияти анча юқори.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқароларимизга хавфсиз экологик соғлом муҳит, хавфсиз озиқ-овқат, хуллас кундалик турмушида барча эколик тамойилларга риоя қилишга ундайдиган ва кенг имкониятлар, шарт-шароитлар яратиб берадиган, ҳар бир “яшил оила” мақомига эришмоқчи бўлган оилалар учун “яшил оила концепцияси”ни ишлаб чиқишни жуда муҳим, деб ҳисобладик (1-чизма) .

Яшил оилани кундалик турмуш тарзи муайян тизим шаклида қуйидаги категорияларга асосланиши лозим: яшил бюджет, яшил ландшафт, яшил фитобар, яшил овқатланиш, яшил тарбия, яшил технология, яшил спорт.

Ҳар бир оиланинг соғлом ва тежамкор муҳитда яшаш тарзи мана шу категорияларга боғлиқ. Ушбу концепцияни батафсил таҳлил қилиш учун ҳар бир категорияни изоҳлаб чиқамиз.

Яшил бюджет – оилавий бюджетни оилада янада тежамкор соғлом муҳит яратиш учун уй хўжалигини юритиш учун харажатлар, товар маҳсулотлар, хизматлар, кундалик озиқ-овқатлар истеъмол саватчасидан тортиб чиқиндиларни ҳам саралаб ундан тежамкор фойдаланиш, даволаниш,оилавий дам олиш, турли оилавий тўй-тадбирларни ўтказишда ҳам тежамкор соглом муҳит яратишда яшил бюджетдан фойдаланишни муҳим деб санадик.

Яшил ландшафт - оила аъзолари тоза кислород билан нафас олиши, табиий эстетик завқ олиши кўтаринки кайфиятда бўлиши учун ҳатто соғлом овқатланиши ва оила бюджетини тежаб қолиш, шу билан бирга қўшимча даромад топишида муҳим роль ўйнайди. Яшил ландшафтни яратиш кўп қаватли уйларда яшайдиган хонадонларда, балконларда гултувакларда хонаки гулларни кўпайтириш, уй шароитида гултувакларда ҳосил берадиган цитрус мевалар, сабзавот, кўкатларгача парваришлаб етиштириш мумкин. Томорқаси бор хонадонларда эса рўзғор учун керакли бўлган сабзавот, кўчатлар экиб боғ яратиш мумкин.

Яшил фитобар – ушбу қисмни халқ табобати асосида даволаниш учун яшил тиббиёт бурчаги деб атаса ҳам бўлади. Кўп қаватли уйлардан тортиб томорқаси бор уйларнинг асосан ошхона жиҳозларининг унча катта бўлмаган масалан 50х50 см ўлчамли бир кичик қисмида (оила эгаси ҳоҳишига қараб) асосий доривор гиёҳларнинг 25 туридан тайёрланган қайнатмалар, дамламалар,  суртмалардан оила аъзоларини соғломлаштириш, даволаниш учун кундалик турмуш тарзида мунтазам фойдаланиш.

Яшил овқатланиш - оилада “яшил таомнома” ишлаб чиқиш, тўғри овқатланиш, инсон саломатлигининг 70 фоизини кафолатлайди.

Яшил тарбия – она табиат, уни севиш ва асраш, ҳайвонот дунёсини севиш каби фазилатларни тарғиб этадиган мультфилм, кинофильмларни кўпроқ тарғиб қилиш оила аъзоларининг муносабатларида, дам олиш, ҳордиқ чиқариш, гаджетларда оиланинг муҳим қадриятлари сифатида фарзандлар тарбиясида акс этиши долзарб бўлиб қолмоқда.

Яшил технология - электр энергия, табиий газларни тежаш, ичимлик суви ва атроф-муҳитни ифлос қилмаслик, кундалик турмуш тарзида инновацион ақлли технологиялардан фойдаланишни англатади. Яшил технологияларга ўтган оилаларда оила учун керак бўлган ҳар бир техника, жиҳоз, буюмлар тежамкорлик даражаси ҳисоб-китоб қилиниб сотиб олинади.

Яшил спорт - оилада яшил спортни шакллантириш учун эрталабки бадантарбия машқи, ҳар куни 2 километрдан 5 километргача пиёда юришни одат қилиш (иловалар орқали) узоқ масофаларга велосипедда бориш, фарзандларга спорт билан шуғулланиши учун спорт анжомлари олиб бериш, оилалар ўртасида спорт мусобақаларини ташкил этиш оилада соғлом муҳитни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.

Хулоса қилиб айтганда Ўзбекистонда яшил иқтисодиётга ўтиш зарурати ижтимоий ва иқтисодий, экологик аҳамиятни касб этади. Шунингдек, инсон саломатли ва атроф муҳитни асраб авайлаш, табиий ресурсларни тежаш улардан унумли фойдаланишни тақозо этади. Жаҳон ҳамжамиятидаги томонидан қабул қилинаётган стандартлар ишлаб чиқариш корхоналарини яшил технологиялар билан ишлашни талаб этади. Буларнинг барчаси эса яшил иқтисодиётга ўтишни англатади

Гулбаҳор Насретдинова,

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби мустақил тадқиқотчиси