Ўзбекистондаги банк хакерлар ҳужумига учради: жиноий гуруҳ аъзолари аниқланган

Тарқалган хабарларга кўра, бир гуруҳ халқаро молиявий фирибгарлар хорижда жойлашган фиктив мерчант хизматларидан InfinBank’да очилган Visa пластик карталарига валюта маблағларини ўтказиб, ўзлаштириб олган. Банк маъмурияти ҳолат юзасидан маълумот берди

“Жорий йилнинг 3-5 сентябрь кунлари бир гуруҳ халқаро молиявий фирибгарлар хорижда жойлашган фиктив мерчант хизматларидан InfinBank’да ўзларининг жиноий шериклари номига очилган Visa пластик карталарига валюта маблағларини ўтказишга ва шу кунларнинг ўзида банкомат тизимларида нақдлаштириш, бошқа банкларнинг мобил иловалари, Humo ва Uzcard тизимида очилган карталар воситасида ўзлаштиришга уринган.

Ҳозирда жиноий гуруҳ аъзолари аниқланган. Гумонланувчилар қўлга олинган. Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ноқонуний ишлатилган ва ўзлаштирилган маблағларнинг бир қисми ундирилди ва қолган қисмини ундириш ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларда кўрсатилган суммалар ҳақиқатга тўғри келмайди. Суриштирув, тергов ва ундирув ҳаракатлари якуни бўйича қўшимча маълумот ва ахборотлар берилади”, — дейилади банк расмий хабарида.