Ўзбекистондан кўчиб кетган фуқароларга пенсия қай тартибда тўланади?

Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатга доимий яшаш учун кетилган кунгача тайинланган пенсия турар жойидан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача тўланади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграция агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш учун кетаётган фуқароларга пенсияни тўлаш унинг аризаси ва «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» белгиси бўлган шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида тўхтатилиши мумкин.
Доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетишгача тайинланган пенсия (Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатлар бундан мустасно) Пенсия жамғармаси бўлимига кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги пенсия миқдори ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, фуқаро жўнаб кетишидан 6 ой аввал миллий валютада тўланади.