Ўзбекистоннинг энг йирик пахта терминалида ёнғин содир бўлди
- 15.06.2020 20:30
- 393
- Ҳодиса
Ўзбекистондаги энг йирик пахта терминалида ёнғин содир бўлди, жабрланганлар йўқ. Бу ҳақда 15 июнь куни Ўзбекистон ФВВ ахборот хизмати хабар берди.
Тақдим этилган маълумотга кўра, 14 июнь куни кеч соат 18:40 Тошкент шаҳар ёнғин хавфсизлиги бошқармаси тезкор навбатчилик штабига Сергели туманидаги пахта терминалида ёнғин вужудга келганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига соат 18:45 етиб борган, ёнғин соат 21:30 да тўлиқ бартараф этилган.
“Ёнғин майдони 1500 квадрат метрни ташкил этди. Ёнғин сабабли жабрланганлар ва вафот этганлар аниқланмади”, дейилмоқда ФВВнинг телеграм каналида.
Айни вақтда ёнғин келиб чиқиш сабаби ва кўрилган зарар қиймати ўрганилмоқда.
3,6 минг квадрат метр майдонга эга Сергели туманидаги пахта терминали Ўзбекистондаги энг йирик терминал ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида 45 минг тонна пахта хомашёсини ўзида сиғдира олади.