Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистоннинг суверенитети дахлсиз

Рус сиёсатчисининг ўйламай айтилган гапидан кейинги ўйлар ва келиб чиқадиган хулосалар

Аслида у дастлаб Путин режимига қарши шахс бўлган. Ҳатто бугун рус ҳукумати қамоқда ушлаб турган мухолифат вакили Навалний билан ҳамкорлик ҳам қилган. Мавжуд маълумотларга кўра, 2014 йилда Қрим аннексация қилингач, амалдаги бошқарув тарафдори, тарғиботчисига айланган.

У айни пайтда партия лидери ҳам ҳисобланади.

Ҳа, тўғри топдингиз, гап Россия ҳарбий хизматчиси Захар Прилепин ҳақида.

Бундан 4-5 кун илгари у демографик инқироздан қутулиш ҳақидаги саволга жавоб қайтариб, катта шов-шувга сабаб бўлди. Бугун уни танимайдиган, аниқроғи, исм, шарифини эшитмаган ўзбекни топиш амримаҳол.

Шу «даража»га эришиш учун дастлаб мигрантларга тўхталди. Улар рус тилини билмаслигини айтиб, давлатини бирлаштириб қўяқолайлик, деди.

Янаям таажжублиси, бунга мигрантларнинг ўзи рози, деган иддаони келтирди.

Халқаро жиноятчи, пропагандист сифатида Европага киритилмайдиган шахслар рўйхатидаги Прилепин шу тариқа ўзбек жамиятида кенг муҳокама учун мавзу бўлди. Шу кунларда қайси даврага кирманг, “Россия Ўзбекистонни босиб олармиш”, деган хавотирли гапни албатта, эшитасиз.

Чиндан шундай хавф борми?

Таҳлилчиларга кўра, бугун Россияда империячилик кайфияти кучайган. Бу Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан кучайиб бораётгани ҳам айтилмоқда. Нега? Чунки собиқ иттифоқ мамлакатларидан Кавказ қўлдан кетиб бўлди. Украина ҳақида биласиз: у шу ҳолича қолдирилганда ҳам аввал НАТО, кўп ўтмай, Европа иттифоқига қўшилиши тайин бўлиб қолди.

Умуман, бугунги Россия ҳукумати дунё давлатларини дўстлар ва дўст бўлмаганларга ажратиб муносабатда бўлмоқда. Прилепиннинг эфирда қилган чиқиши рус давлатчилигининг ички сиёсатини англатади.

Бунга ўша эфирни жуда катта медиа корпорация тарқатгани ҳам исбот бўла олади. Қолаверса, Прилепин орқа фонидаги баннерлардан ҳамкорлар ҳам давлат каналлари бўлганини билиб олиш мумкин. Демак, Прилепин бу гапни билмай айтган ёки хато гапирган тақдирда уни эфирдан олиш (жуда бўлмаганда кесиш) мумкин эди. Бироқ амалда ундай бўлмади.

Яна бир муҳим томони, Прилепиннинг матбуот анжуманида айтган гапларини, яъни бир давлатни қўшиб олиш ҳақидаги фикрини кўрсатув иштирокчилари қарсаклар билан қўллаб-қувватлади.

Жамоатчилик қандай қабул қилди?

Шу ўринда қизиқ бир ҳолатни келтириб ўтиш ўринли. 7 октябрдан кейин, Исроил Фаластин ерларига бостириб кирганида турк қардошларимиз Ғазодаги қирғинга қарши митинг ўтказди. Оқибатда амалдаги ҳукумат ўзининг стратегик шериги бўлган АҚШга қарши чиқди – Исроилнинг ҳаракатларини қоралади. Яқиндагина муносабатлари илиқлашган яҳудийлар давлати раҳбарларини ҳарбий жиноятчи, деб атади.

Хўш, бизнинг вазиятга бунинг нима алоқаси бор? Гап шундаки, айни вазиятда жамиятнинг зиёли қатлами ўз муносабатини билдирди ва ҳукумат ҳам шунга мос ҳаракат қилди.

Бинобарин, бу давлат даражасида ҳал қилинадиган масала. Қолаверса, бу каби телбанамо гаплар биринчиси эмас ва айтди-қўйди-да, биз Россия билан стратегик шерикмиз, деб хотиржамликка берилиб бўлмайди.

Эслаб кўринг, ўз вақтида Россиянинг Украинага агрессив ҳаракатни амалга оширишига ишонилмаган. Чунки бу икки давлатнинг дипломатик алоқалари жуда қалин эди ва улар стратегик шерик эди. Хотиржамликка берилиш оқибатида Путин режими аввал Қримни ўз давлатига қўшиб олди. Кейин эса Украина ҳудудига ҳам қуруқлик, ҳам ҳаво орқали “ҳарбий амалиёт” бошлади.

Аксар ҳолларда Прилепин каби нусхаларнинг чиқишларига расмий даражада эътибор қаратилмаяпти. Албатта, депутатлар ёки нодавлат ташкилотларининг жавоблари бу ўринда ўтмаслиги шубҳасиз.

Аммо бу галги вазият бошқача тус олди. Даставвал мудофаа вазирлиги сарҳадларимиз дахлсизлиги ҳақида Бош қомусимизда белгиланган нормани келтириб, миллий армиямиз суверенитетимизни ҳимоя қилишга қудрати етишини билдирди.

Бундан ташқари, ҳали кузатилмаган ҳолат бўлди – Ўзбекистон тарихида биринчи марта Россия элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди (аниқроғи, таклиф қилинди). Ҳар ҳолда расмиятчилик тўла-тўкис бажарилди.

Ҳолатга давлат раҳбарининг чиқиши нуқта қўйди, дейиш мумкин. Чунки Президентимиз ўз чиқишида ташқи босимлар кучайиб бораётгани ҳақида тўхталди. Бундай вазиятда миллий манфаатларимизга мос тўғри йўлни топиш осон бўлмаётганини қайд этди.

Прилепиннинг баёноти, балки бир чиқиши жамиятимизни қайсидир маънода ягона мақсад – мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида бирлаштирди. Турли масалалар юзасидан ҳар хил фикрда бўлган ҳамюртларимиз суверенитет борасида якдил бўлишди.

Ёқубжон Марқаев.