“Ўзбеклар иши” қурбони: Алибоев нега қамалган эди?

1982 йил 26 июнда Самарқанд вилояти прокурори вазифасини бажарувчи Бўритош Мустафоев Ўзбекистон ССР прокурори Наман Бўрихўжаев номига Абиддин Алибоевни Самарқанд шаҳар прокурори вазифасига тайинлаш тўғрисида тақдимнома киритади.
Унда айтилишича, А.Алибоев 1973 йилда Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини битиргач, Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани прокуратурасида иш ўрганувчи, терговчи вазифаларида ишлаган. 1978 йилдан Ўзбекистон ССР прокуратурасига алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи, 1982 йил май ойидан катта терговчи лавозимига ўтказилган. Унинг фаолиятига республика прокуратурасида ижобий баҳо беришган.
Буни республика прокурори ўринбосари А.Поплавский имзолаган тавсияномада, республика прокурори Н.Бўрихўжаевнинг СССР прокурори А.Рекунков номига А.Алибоевни Самарқанд шаҳар прокурори этиб тайинлаш тўғрисидаги буйруғини тасдиқлашни сўраб ёзган хатидан ҳам кўрса бўлади.
Шундай қилиб, 1982 йил 25 август куни Абиддин Алибоев Самарқанд шаҳар прокурори вазифасида иш бошлайди. 1952 йилда Пайариқ туманида туғилган А.Алибоев учун бу ўз укалари, сингиллари ва онасига яқинроқ бўлиш учун бир имконият ҳам эди. Ёш прокурор ишни яхши бошлади. Шаҳар прокуратураси жамоаси унинг атрофига жипслашган ҳолда Самарқандда қонун устуворлигини таъминлаш, содир қилинган жиноятларни ўз вақтида текшириш ва айбдорларни жазога тортиш учун барча чораларни кўради. Ишлар шу тариқа давом этаётганди, ёш прокурорнинг шаҳар ва вилоят раҳбарияти олдида ҳам обрўси яхши эди.
Лекин 1984 йил октябрь ойига келиб (бу пайтда Ўзбекистон ССР прокурори этиб Россия Федерациясидан юборилган А.Бутурлин тайинланган эди), аҳвол ўзгарди. Энди вилоят ва республика прокуратураларида А.Алибоев фаолиятидан хато топиш, қилдан қийиқ ахтариш ҳаракатига тушилди. Негадир у Ўзбекистон ССР Прокуратурасида терговчи, катта терговчи бўлиб ишлаган даврларда тергов қилган ишлар ҳам қайта чиғириқдан ўтказила бошланди. Ана шундай ишлардан бири у раҳбарлик қилган тергов гуруҳининг Наманган вилояти Поп тумани агросаноат бирлашмаси раҳбарияти устидан тушган шикоятларни, улар томонидан амалга оширилган талон-торожликларни текшириш билан боғлиқ эди. Бундан ташқари, республика прокуратураси Самарқанд шаҳар прокурори фаолиятини ҳам тафтиш қилишни бошлади.
1984 йил 23 октябрда Ўзбекистон ССР прокурори А.Бутурлин 537-сонли буйруқни имзолади. Унда қисман қуйидагилар айтилганди: “Самарқанд шаҳар прокуратураси ва ички ишлар бошқармасида ўтказилган текшириш натижасида шу нарса аниқландики, шаҳар прокуратураси унинг зиммасига юкланган вазифаларни ўз вақтида ҳамда малакали тарзда бажармаган. Содир этилган жиноятларни очиш, айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаган... Шаҳарда содир этилган ҳар бир жиноят учун жазо муқаррарлиги таъминланмаган... Ишдан бўйин товлаб юрганлар, ичкиликбозлар, жиноятчиларга қарши кураш талаб даражасида олиб борилмаган. Жиноий ишлар бўйича тергов тадбирлари ўз вақтида ўтказилмаган...”.
Хуллас, республика прокурорининг буйруғида келтирилган “далиллар”дан шундай хулосага келиш мумкинки, Самарқанд шаҳар прокуратурасига А.Алибоев прокурор этиб тайинлангандан сўнг барча ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган, жиноятчиликка қарши кураш умуман амалга оширилмаган. Шу буйруқ асосида А.Алибоев ўз вазифасидан озод қилинади ва прокуратура органларидан бўшатилади.
А.Алибоевга оид суд ҳужжатлари билан танишар эканман, улар орасида яна бир хатга кўзим тушди. Уни айнан келтиришни маъқул кўрдик:
“Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлик комитети раиси генерал-маёр В.А.Головинга
Менга тергов қилиш топширилган ҳамда А.Одилов ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноий ишнинг ўта муҳимлиги туфайли 1952 йилда туғилган, Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 152-моддаси 2-қисми билан айбланаётган, Самарқанд шаҳар прокурори лавозимида ишлаётган Алибоев Абидинни ЎЗССР ДХҚнинг тергов ҳибсхонасига жойлаштириш ҳақида кўрсатма беришингизни сўрайман.
СССР Бош прокуратураси ҳузуридаги алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчи, 3-класс давлат адлия маслаҳатчиси Б.Е.Свидерский
23.10.1984 й”.
Шу ерда бир нарсага, яъни бу хат ёзилган санага эътибор беришингизни сўрайман. Демак, А.Алибоевни вазифасидан озод қилиш ҳақидаги буйруқ ва уни Давлат хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши сўраб ёзилган мактуб бир санада битилган. Яъни, ҳали буйруқ Самарқанд шаҳар прокуратурасига етиб келмасдан туриб, прокурор А.Алибоев ҳибсга олиняпти. Мана шу ерда, шаҳар прокуратураси ишини текшириш, прокурорлик фаолиятини бошлаганига энди икки йил тўлган А.Алибоевни четлаштиришнинг сабаби – шамол қайси томондан эсаётганлиги, асл мақсад нима эканлиги ойдинлашгандек бўлади. Демак, текширишлар, ишдан олиниш – бу Гдлян раҳбарлигидаги тергов гуруҳи томонидан ёзилган “сценарий”нинг бир қисми эди, холос.
“Пахта иши”, “Ўзбеклар иши”, дея бутун собиқ иттифоққа жар солинган, аслида Гдлян бошлиқ СССР Бош прокуратураси терговчилари гуруҳи томонидан “пуфлаб” шиширилган янги қатағон домига ўзлари олиб бораётган тергов ишлари, қама-қамалар аҳамиятини бўрттириш, салмоғини ошириш ниятида Ўзбекистондаги айрим вилоят, шаҳар ва туманлар прокуратураси ҳамда ички ишлар ходимлари ҳам тортила бошлаган эди. А.Алибоев ҳам ана шундай кишилардан бирига айланди.
У олти йилдан зиёд вақт суд қилинмасдан тергов ҳибсхоналарида сақланди. Унга қандай айблар қўйилган эди? А.Алибоев 1981 йил 25 ноябрдан 1982 йил май ойларигача Наманган вилоятидаги Поп агросаноат бирлашмасида қорамол, қўй ва эчкиларнинг ўғирланиши, ушбу ташкилот раҳбарлари томонидан вазифаларини суиистеъмол қилинишига оид ишни текшириш бўйича республика прокуратурасида тузилган гуруҳга раҳбарлик қилган пайтида қатор камчиликларга йўл қўйишда айбланганди. Свидерский бошлиқ тергов гуруҳи А.Алибоев агросаноат бирлашмасида 15 марта қорамол ва қўйлар ўғирланиб, четга сотилган ҳолатларни атайлаб ёпган, деган қарорга келади. Бир эмас, икки эмас, ҳар бир ҳолатда 15 тадан 50 тагача бўлган қорамол, 250 та эчки, 100 та қўй гўёки агросаноат бирлашмаси раҳбарияти ва унинг атрофида бирлашган жиноий гуруҳ томонидан талон-торож қилинган.
Аслида воқеа қандай бўлган? Алибоев раҳбарлигидаги тергов гуруҳи бу ишларга оид ҳар бир ҳолатни диққат билан ўрганиш жараёнида “талон-торож қилинди”, дейилган чорва моллари аслида икки томон ўртасида тузилган шартнома асосида Наманган вилоятидаги турли жамоа ва давлат хўжаликларига сотилганига амин бўлди. Бу ерда ҳеч қандай жиноят аломати йўқ эди. Буни агросаноат комплексида текширув ўтказган Погосян, Ўсаров сингари тафтишчилар ҳам тасдиқлаган.
А.Алибоевга Свидерский бошлиқ СССР прокуратураси тергов гуруҳи томонидан қўйилган айбларнинг айримлари ўзининг мантиқсизлиги туфайли шу қадар киши энсасини қотирадики, улар шундайгина кабинетда ўтириб тўқилганлиги яққол кўзга ташланади.
Масалан, гўёки А.Алибоев бир неча марта А.Одиловдан сўйилган қўй гўшти сифатида жами 278,75 сўм пора олган. Буни Свидерский гуруҳи ўтказган терговда А.Ҳамроқулов, Ҳақназаров, Мирзаюсупов каби гувоҳлар тасдиқлаган. Лекин шуниси қизиқки, Свидерский гуруҳи Алибоевни ўз навбатида А.Одиловга пора берганликда ҳам айблашган. Яъни, у А.Одиловга жами 2020 сўм пора берган эмиш. Шу ерда бир савол туғилади. Тергов олиб бораётган шахс терговга айбдор ёки гувоҳ сифатида тортилган кишига нега пора берар экан? Бунга жавобни ҳам Москвадан келган терговчилар “топиб қўйишган”. Гўёки А.Алибоев А.Одиловга ЎзССР Олий Советининг “Фахрий ёрлиғи”ни олиш учун берган эмиш.
1992 йилда ЎзССР прокурори бўлиб ишлаган Н.Бўрихўжаев ва унинг ўринбосари Зотовнинг гувоҳ сифатида шу масала бўйича сўроқда берган жавобларидан: “1982 йилда прокуратура органларининг 60 йиллик юбилейи бўлди. Шу муносабат билан прокуратуранинг кўпчилик ходимлари тақдирланди. Улар орасида А.Алибоев ҳам бор эди”.
Шунингдек, ушбу масала юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилинган ЎзССР Олий Совети Президиумининг ўша пайтдаги раиси И.Усмонхўжаев ҳам, А.Одилов ҳам А.Алибоевнинг Олий Совет “Фахрий ёрлиғи” билан мукофотланишига кимдир аралашганлигини қатъиян рад этади.
Унинг Самарқанд шаҳар прокурори лавозимига тайинланиши эса бевосита республика прокурори буйруғига кўра бўлган ва уни СССР прокурори ўринбосари тасдиқлаган.
Хуллас, А.Алибоевга нисбатан Свидерский раҳбарлигидаги тергов гуруҳи томонидан қўйилган айбларнинг бирин-кетин миси чиқа бошлади.
Шу ерда бир масалага тўхталиш ўринли. У ҳам бўлса, А.Алибоевнинг ўз қайнотасига 1983 йил сентябрь ойида Москва яқинида дам олаётган пайтида (унинг бошига тушган кулфатлардан бир йил илгари) ёзган хатидир. Бу хатнинг нусхасини А.Алибоевнинг қайнотаси куёвининг айбсизлигини аниқлашда ёрдам берар, деган умидда тегишли идораларга топширган бўлса ажаб эмас. Лекин хат айланиб, уни ҳибсга олиб, тергов қилаётган кишилар қўлига келиб тушган. Буни суд ҳужжатларидан ҳам кўрса бўлади (унинг асл нусхаси А.Алибоевнинг қайнотаси қўлида сақлангани учун бу хат йўқ қилиб юборилмаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас).
Ўша хатдан айрим парчалар келтиришни лозим топдик. “Сиз менинг 1981-1982 йилларда Поп агросаноат бирлашмасида тергов-текширув ишларини олиб борганлигимдан хабардорсиз. Уни тугатганимдан сўнг менга нисбатан турли иғво ва туҳматлар кучайди. Ҳатто аллақандай нотаниш кишилар қўнғироқ қилиб, қўрқитмоқчи бўлишди. Бир томондан бирлашма раҳбарияти душманлари менинг ҳам душманимга айланган бўлса, бошқа томондан бирлашмада ишлаётган айрим ўртоқлар менга тиш қайрай бошладилар. Нима бўлганда ҳам бу ишни ўз ҳаётий тажрибам ва қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда холисона ҳал қилдим. Ўша пайтлари мен тергов гуруҳи аъзоларидан ҳам шуни талаб этдим. Бу иш бўйича қўлим тоза. Гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам вазифасини сидқидилдан бажардилар, деб ўйлайман. Ўтказилган текширув бўйича тубдан тўғри қарор қабул қилинди. Тўғри, айрим камчиликлар ҳам бўлиши мумкин. Бу – текшириш учун жуда кам вақт ажратилгани, мени ва гуруҳдаги бошқа терговчиларнинг тажрибаси етарли эмаслиги, Марказий Комитет билан боғлик қоғозбозликнинг кўплиги туфайлидир. Шуниси қизиқки, бирлашма раҳбарияти бирор-бир масалада биздан ёрдам сўраб мурожаат этмади.
Бирлашма ходимлари билан боғлиқ айрим масалаларга тўхталиб ўтмоқчиман. Бирлашма ишларини текшираётган кунларимнинг бирида (1982 йил март ойида) терговчи Умаров олдимга Тўхтасин Мадалиев исмли кишини бошлаб келди. Бу одамнинг айтиши бўйича гуруҳ терговчилари учун 1981 йил октябрь ойида учта қўй сўйилган эмиш. Бу ҳақда ҳужжат ҳам тузилган экан. Ҳолбуки, октябрь ойида нафақат мен, балки гуруҳ фаолиятига жалб этилган бирор-бир терговчи Попда бўлмаган. Мен Поп агросаноат бирлашмасига республика прокурори кўрсатмасига биноан илк бор 1981 йил 15 декабрьда келганман. Мадалиевнинг айтишича, бу ҳужжатларни Мўминжон Одиловнинг қўлида ўз кўзи билан кўрган. Аввалига, бу иғво деган фикрга бордим. Кейин Мадалиевни ўзим ҳибсдан озод қилганим учун унинг гапларига ишондим. Шундан кейин терговчи Умаровга бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликни тайинлаб, Мадалиевдан ЎзССР прокурори номига тушунтириш хати ёздириб олишни тайинладим. Ўша пайтлар бундай воқеалар бир неча марта такрорланди.
Яқинда (1983 йил сентябрь ойи бошларида) Умаров Самарқандга келган эди. Унинг гапларидан шу нарса маълум бўлдики, Попдаги айрим кишилар ҳанузгача менга қарши ишлаётган экан.
Мен Мўминжон Одилов иши бўйича холисона текширув олиб борилишини таъминладим. Фақат у терговга оид масалаларга тез-тез аралаша бошлагандан сўнг Аҳмаджон Одиловдан уни тартибга чақиришни сўрадим. Эшитишимча, у М.Одиловни бу ишлари учун қаттиқ хафа қилган. Балки шу туфайлидир, балки бошқа сабабларга кўрадир, аниқ билмайман, М.Одилов менга қарши тиш қайраётганларнинг фаолларидан бирига айланган.
Лекин шу ерда масаланинг иккинчи томонига ҳам тўхталиш керак. Мен бу масалани А.Одиловга нисбатан душманлик кайфиятида бўлган одамлар билан боғлиқ, деб ўйлайман.
Бу ишни текшириш давомида Шариф Хисматов терговнинг Бўриевга оид қисмини ҳаракатдан тўхтатишимни илтимос қилди. Хисматов ҳозир ЎзССР прокуратурасининг тергов қисми бошлиғи вазифасида ишлайди. Ўша пайтда у жуда катта миқдордаги пул (пора) олишим мумкинлигига ҳам ишора қилди. Мен Бўриевга оид иш холисона ҳал этилаётганини айтиб, унинг СССР прокуратураси ва Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети назоратида эканлигини таъкидладим. Умуман айтганда, Бўриев қонуний жавобгарликка тортилган.
Бу гап Москвага келганимда Хисматов СССР прокуратурасидаги дўстлари орқали айнан шу ишга аралашаётганлиги маълум бўлди. У судлар устидан назорат бўлимидаги таниши орқали протест келтирилишига ва охир-оқибат суд қарорини бекор қилишга эришмоқчи экан.
Унинг яқин таниши Сорока СССР Бош прокурорининг ўринбосари этиб тайинлангандан сўнг Хисматов ниҳоятда ғурурланиб, бошқаларнинг ўзини ҳам, фикрини ҳам тан олмай қўйди. Эшитишимча, Бўриевга оид ишга у Сорока орқали Баженовни ҳам жалб қилмоқчи. Балки улар Хисматов Бўриевни Одиловга қарши қўйган кишилар томонидан тўпланган жуда катта пулни олганлигини билишмас. Буни илк бор Хисматов менга Бўриевга нисбатан очилган жиноий ишни тўхтатишим учун катта пул олишим мумкинлигига ишора қилганлигидан сезган бўлсам, кейинчалик Наманган вилоятининг собиқ прокурори Шоамировдан ҳам эшитган эдим. Бу пулни тўплашда катта-катта партия ходимлари ҳам иштирок этишгани мени ҳайрон қолдирди. Буни ҳеч тушунолмайман...
Самарқандда ишлаётган пайтимда мен терговчилардан бирига вилоят давлат савдо инспекцияси ходими Ўруновга ишни текширишни топширдим. Хисматов бу иш бўйича ҳам мендан тергов ҳаракатларини тўхтатишни қатъиян талаб қилди. Ҳар қандай шароитда ҳам терговчига бундай топшириқни бермас эдим. Ўрунов ҳақида ҳамма жойда гап-сўзлар кўпайиб борарди. Вилоят партия комитети, шаҳар партия комитетига кириб бўлмасди. Одамларнинг прокуратурага ишончи сусая бошлади. Чунки Ўруновга ҳеч ким тегиниши мумкин эмас экан. Хисматов эса ана шундай шов-шувга сабаб бўлган ишни ҳаракатдан тўхтатишимни талаб қиларди.
Мен бу топшириқни бажармадим. Шунда Хисматов Ўруновга мен ва терговчи устидан туҳматлардан иборат шикоят ёздирди. Гуёки терговчи тинтув вақтида қўполликка йўл қўйган эмиш...
Шундан сўнг Хисматов ишни биздан олиб, уни текширишни Мировскийга топширди. Мировский бу ишни текшириш давомида мендан катта миқдорда пора талаб қилди. Хисматов билан учрашиб, ўзимнинг ва терговчининг бу ишни олиб боришда ҳеч қандай айбимиз йўқлигини айтдим. Ундан “агар ишлашни ҳоҳласанг, Мировскийнинг топшириғини бажар”, деган жавобни эшитдим. Хисматовга “50 минг сўмни қаердан оламан”, дедимда хонасидан чиқиб кетдим. Чунки ёнимда 500 сўм ҳам ортиқча пул бўлмаган. Кейинчалик республика прокуратурасидан келган Галашко вилоят прокуратурасида мени худди жиноят содир этган кишидек тергов қилди, фақат далолатнома тузмади. У менга таҳдид қилиб, “Нега Хисматовнинг топшириғини бажармадинг, нега Ўриновнинг ишини ёпмадинг”, деб сўради. Унга Хисматовнинг топшириғини тушунмабман, деб жавоб бердим. Хуллас, Хисматов ва Мировский Ўруновга оид ишни ёпиб юборди.
Кейин билсам, Ўрунов республика Ички ишлар вазирлигининг юқори мансабдорларидан бирининг куёви Ўрунов Олимжоннинг акаси экан. Олимжон Ўрунов Хисматов, Мировский, Голашконинг яқин дўсти бўлган. Шу сабабли уларнинг мени тинч ишлашга қўймаслиги аниқ. Умуман, шаҳар ҳаёти ўзининг чопа-чопу, ташвишлари билан мени зериктирган. Шунинг учун 1982 йилда Марказий Комитетга ўтиб ишлашга бўлган таклифни ҳам рад этганман. Мен аслида прокуратурадан кўра илмий иш билан шуғулланишни афзал биламан...”.
Бу ерда А.Алибоевнинг қайнотасига 1983 йил 23 сентябрда, яъни унинг бошига тушган ташвишли кунлардан бир йил олдин ёзган хатини тўлиқ келтиришнинг имкони йўқ. Лекин юқорида баён этилган айрим парчалар ҳам унинг ҳалол, ўз вазифасига масъулият билан ёндашган прокуратура ходими бўлганлигидан дарак беради.
Юқорида келтирганимиздек, 1984 йил октябрда ҳибсга олинган А.Алибоев олти йилдан зиёд вақт суд қилинмасдан ҳибсхонада сақланди. Кейин эса 1992 йилнинг июнигача тилхат остида очиқликда бўлди. Ниҳоят унинг иши ушбу санада Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг жиноий ишлар бўйича коллегиясида Олий Суд аъзоси А.Попков раислигида кўриб чиқилди. Унга қўйилган энг асосий айблардан бири – Поп тумани агросаноат бирлашмасида қорамол ва қўй-эчкиларнинг ўғирланиши, талон-торож этилгани бўйича ишларни асоссиз ёпган, деган айблар ўз исботини топмади. Бу масала юзасидан сўроқ қилинган 24 нафар гувоҳ ва тафтишчилар Погосян, Ўсаровлардан бирортаси бундай ҳол содир этилганлигини тасдиқламади. Шунингдек, суд А.Алибоев етарли асосларсиз пора олиш ва беришда айбланган, деб топди. Чунки СССР прокуратурасининг терговчилар гуруҳи бу ишга гувоҳ сифатида тортилган кўплаб кишиларга жисмоний ва руҳий босим ўтказиб, Н.Одилов, Аҳмаджонов, О.Ҳамроқулов, Р.Ҳақназаров, У.Мамаюсупов, Ш.Абдураҳмонов ва бошқаларни А.Алибоевга туҳмат қилишга мажбур этган. Масалан, гувоҳ А.Ҳамроқулов судда СССР прокуратураси терговчилари уни мунтазам равишда турли прокуратураларга, ЎзССР Давлат хавфсизлик комитетига чақириб тергов қилишганини, ҳатто отасини ҳам олиб келиб қамаб қўйишганини айтиб, А.Алибоевга нисбатан туҳмат гапларни ёғдиришга мажбур этишганини гапириб берди.
Суд бундан ташқари яна А.Алибоевга айб сифатида тергов ҳужжатларида акс эттирилган бошқа ҳолатлар бўйича ҳам қатор гувоҳларнинг сўзларини эшитди ва уларнинг барчаси тазйиқлар остида берилган кўрсатмалар билан тасдиқланганлигига амин бўлди. Ўзбекистон Олий Судининг жиноий ишлар бўйича коллегияси А.Алибоевни барча ҳолатлар бўйича айбсиз деб топди ва уни тўлиқ оқлаш ҳақида қарор чиқарди.
Шундан сўнг 1992 йил 7 августда Ўзбекистон Республикаси прокурорининг 702-сонли буйруғи эълон қилинди. Унда жумладан, шундай дейилганди:
“Собиқ республика прокурорининг 1984 йил 23 октябрда Алибоевга нисбатан чиқарилган буйруғи асоссиз ва қонунга хилоф равишда чиқарилган.
Самарқанд шаҳар прокурори бўлиб ишлаб турган А.Алибоевга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмаган. Ёки у раҳбарлик қилган шаҳар прокуратурасининг иш фаолияти текширилгани, ўрганилгани тўғрисида бирорта справка тузилмаган. Самарқанд вилоят ёки республика прокуратураси ҳайъатида А.Алибоев ҳақидаги масала кўрилмаган, уни ишдан бўшатиш ҳақида вилоят прокуратурасининг тақдими киритилмаган, хизмат бўйича йўл қўйилган деб ҳисобланаётган нуқсонлар юзасидан ундан тушунтириш хати олинмаган, буйруқ билан таништирилмаган. А.Алибоевнинг изоҳига қараганда у республика прокуратурасига чақиртирилиб, шу ерда қамоққа олинган, юқоридаги буйруқ у қамалгандан кейин чиқарилган.
Юқоридагиларга кўра,
БУЮРАМАН
- Ўзбекистон Республикаси прокурорининг 537-сонли 1984 йил 23 октябрдаги А.Алибоевни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғи қонунга хилоф равишда чиқарилганлиги учун бекор қилинсин.
- А.Алибоев прокуратура органларига ишга тиклансин ва бу ҳақда унинг меҳнат дафтарчасига лозим бўлган ўзгартиришлар киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Прокурори,
2-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси Б.М.Мустафоев”.
Шу тариқда адолат кечикиб бўлса-да, тикланган эди. А.Алибоев шундан кейин республика прокуратураси тергов бош бошқармасининг ички ишлар органларида тергов ва текшириш ўтказиш устидан назорат бўйича бошқармаси бошлиғи, Тошкент шаҳар прокуратураси судларда жиноий ишларнинг кўрилишида прокурорлик ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи, Сирғали тумани прокуратурасининг терговчиси вазифаларида хизмат қилди.
Лекин олти йилдан зиёд вақт ноҳақликлар туфайли ҳибсхоналарда ўтириш, саккиз йил давомида кечирилган руҳий изтироблар туфайли орттирилган қанд касаллиги оқибатида 1998 йил июль ойида нафақага чиқишга мажбур бўлди.
Шундан кейинги ҳаёти асосан оиласи даврасида ўтди ва 2014 йил сентябрь ойида оламдан ўтди.
Музаффар МУҚИМОВ,
СамДУ тузилмасидаги Қатағон қубонлари хотираси вилоят музейи директори.