Ўзбекнинг бағрикенглиги дунёга намуна бўладиган фазилат

Маҳалламизда Света опа деган қўшнимиз бор. Қандай тадбир бўлмасин - тўйми, маъраками, опа бош-қош. Айниқса, Наврўз байрамига роса “жон киргизади”.
Қизалоқларга миллий либослар кийгизиб, сочларини ўриб, саҳнага олиб чиқади, миллий қўшиқлар айттиради, рақсга ундайди. Ўша қадрли янгамиз - Светлана Иванова ҳақида кўпчилик жуда кўп нарсани билмайди. У қаердан келган, миллати нима? Бу бизни ҳеч қачон қизиқтирмаган. Биз учун бу муҳим эмас. Чунки у ўзимизнинг Света опа. Фарзандларимизнинг севимли момоси, гўё оиламиз аъзоси.
Асли Ўзбекистон - Светлана Иванова тимсолидагидек кўп миллатли халқимиз учун катта бир оила. Бугун ҳар бир маҳалламизда, ҳар бир шаҳарда, асосийси, ҳар биримизнинг қалбимизда, севимли “Света опа”ларимиз бор. Бу аслида Ўзбекистоннинг ўзига хос юзи - дунёга намуна модели бўла оладиган бағрикенглик фазилати. Бизда миллатлар, тиллар, урф-одатлар турли бўлиши мумкин, аммо Ватан туйғуси, садоқат, меҳр, аҳиллик умумийдир.
Бугун мамлакатимиздаги барча миллат ва элат вакиллари эмин-эркин, ўзаро тотув яшаши учун барча шарт-шароит яратилган. Бугун дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғони бўлмиш мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиб яшамоқда.
Мамлакатимиздаги 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти ҳар бир миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, урф-одатларини ўрганиш ва ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бугун “Ўзбекистон - умумий уйимиз” деган эзгу ғоя барча миллий маданий марказларнинг шиорига айлангани диққатга сазовор. Бу жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳити, тинчлик ва осойишталикнинг амалий ифодасидир.
Албатта, ўзбекларнинг бағрикенглиги юртимизда асрлар давомида шаклланиб келган бошқа халқларга ҳурмат кўрсатиш, самимий, дўстона муносабатда бўлиш борасидаги қадимий қадриятлар, умуминсоний қарашларга таянган ҳолда ёндашиш анъанасидан келиб чиқади. Халқимиз азалдан ўзга юртлар билан борди-келдили, қуда-андали бўлиб келган бағрикенг эл. Бир неча йиллар чегаралар ёпиқлиги боис ўзга юртдан келин бўлиб тушганлар, ҳатто ўз яқинлари таъзиясига ҳам бора олмаган ҳолатлар кўп бўлди. Аммо бугун бир дарё сувидан ичиб келган қадрдон қўшнилар - Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа халқлар билан яна борди-келди қиляпмиз, қиз олиб-қиз беряпмиз, муносабатлар жойида. Бунда эса юртимизда қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик, миллатлар, халқлар ўртасида тинчлик, тотувлик, бағрикенглик тамойилини вақтида кенг жорий этилгани асос бўлди.
Шу жиҳатдан яна бир оғриқли муаммо - яқин-яқингача фуқаролик мақоми муаммоси ҳам бўлиб, собиқ иттифоқнинг парчаланиши ёки бошқа сабаблар туфайли юртимизда минглаб инсонлар оғир аҳволга тушиб қолган эди. Шу ўлкани ўзи учун Ватан деб қабул қилиб, шу ерга келиб яшаётган бўлса-да, Ўзбекистон фуқароси, деган шарафга муносиб кўрилмаганлар кўп эди.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ушбу йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар, қонунчиликнинг такомиллаштирилиши натижасида мана шундай нотенгликка барҳам берилди. Кўплаб юртдошларимизга фуқаролик берилиб, улар Ватанимизнинг тенг ҳуқуқли фуқароларига айланди.
- Тақдир тақозоси билан 1989-1996 йилларда Қозоғистонда яшаб, меҳнат қилишимга тўғри келган, - дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Исмоил Алиев. - Юртимизга қайтиб келганимдан сўнг меҳнат фаолиятимни давом эттирдим. Ҳозирда икки нафар фарзандим бор. Оиламдан ҳам, ишимдан ҳам кўнглим тўқ. Она юртимда тўкис, тинч яшаяпман. Узоқ йиллар кўнглимда бир армон бор эди - шу юрт фарзанди бўла туриб, Ўзбекистон фуқароси эмас эдим. 2017 йил ана шу армоним ушалди. Президентимиздан беҳад миннатдор бўлдим. Бугун менинг қўлимда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти бор. Бу Ватан ишончи. Буни оқлаш учун келгусида Ватаним равнақига ҳисса қўшишга бутун борлиғимни бағишлайман.
Мамлакатимизда турли миллат вакилларига тенг таълим имконияти яратилаётгани инсон ҳуқуқларига берилган юқори эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Бу борада давлат таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари етти тилда олиб борилмоқда, қардош тилли мактабларда таҳсил олаётган фарзандларимиз давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда. Ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида таълим берилишининг ўзиёқ юртимиздаги бағрикенглик ва инсонпарварлик сиёсатининг ёрқин кўриниши бўлиб, бу таълим соҳасидаги ижтимоий кафолатнинг амалий намунаси ҳамдир.
Бугун ана шундай таълимдан баҳраманд бўлиб, касбий камолотга етиб, эл ҳурматидаги касб эгалари бўлганлар ҳам талайгина. Улардан бири Пахтачи туманидаги ўқитувчи - “Дўстлик” ордени соҳибаси Ольга Степанова бўлиб, у умумий уйимиз - Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшиб келаётган ноёб мутахассислардан.
- Президентимизнинг “Ўзбекистонимизнинг ер ости ва ер усти бойликлари кўп. Лекин бизнинг энг катта кучимиз, бебаҳо бойлигимиз бу - ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли халқимиздир”, деган ибратли сўзлари доим менга куч бағишлайди, - дейди Ольга Степанова. - Мен шу қадрдон юртда қадр топдим. Ўз касбим ортидан жонажон Ватанимизнинг, она халқимизнинг юксак эътирофи ва эъзозига сазовор бўлдим. Бундан бахтиёрман. Бугун Пахтачи туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабида рус тили ва адабиёти фанидан ёшларга сабоқ бераман. Юртимиздаги барча мактаблар замонавий, кўркам қиёфага келтирилиб, бу таълим масканлари учун энг қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Бизнинг мактабимиз ҳам рус тили ва адабиётига оид адабиётлар, даврий нашрлар ҳамда бошқа моддий техника воситалари билан тўлиқ таъминланган. Шунга муносиб тарзда биздан талаб қилинадигани изланиш, ўз устимизда ишлаш, касбий малака ва маҳоратимизни оширган ҳолда фарзандларимизни замонавий билимларни мукаммал эгаллаган, юрт эртасига муносиб ўғил-қизлар қилиб камол топтиришда муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
Яна бир гап. Юртимизда яшаётган ҳар бир халқ, ҳар бир фуқаро қайси миллат, қайси тил ва маданият вакили бўлишидан қатъи назар, ахборот ва янгиликларга тенг даражада етишиш ҳуқуқига эга. Бу фақат демократик жамиятнинг эмас, балки инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳам асосий кўрсаткичидир.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ахборот маконида кузатилаётган муҳим ўзгариш тиллар хилма-хиллигининг жадал ўсиб бориши, ОАВ соҳасидаги бағрикенглик сиёсатининг амалий кўринишидир. Айни пайтда юртимизда фақат хорижий тилларда ахборот тарқатишга ихтисослашган 283 та оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, ўзбек ва бошқа тилларда материаллар эълон қилувчи 1517 та ОАВ мавжуд. Бу эса мамлакатда турли тил ва маданиятларга нисбатан қандай бағрикенг муносабат шаклланаётганини яққол намоён этади. Ўзбекистон ахборот майдони бугун нафақат ўзбек тили, балки рус, инглиз, тожик, қозоқ, қорақалпоқ, немис, турк ва бошқа тилларда фаолият олиб бораётган ОАВлар учун ҳам очиқ. Бу жараён халқлар дўстлиги ва тиллар тенглигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Ҳа, бугун миллатлараро ҳамжиҳатликни асраб-авайлаш, унинг пойдеворини мустаҳкамлаш биздан наслларга қоладиган энг улуғ мерос. Зеро, ҳамжиҳатлик — кучли қурол, жангсиз ғалаба, бағрикенглик эса инсонийликнинг олий кўринишидир. Бугунги Ўзбекистон фақат географик ҳудуд эмас, балки турфа миллатларнинг қалби бир нуқтада кесишган, орзу ва интилишлари муштарак бўлган муқаддас заминдир.
Шуҳрат Нормуродов.