“Ўзинг учун ўл етим” ёки қонун фақат кадастр учунми?

Хабарингиз бор, 2024 йил 8 ноябрдан “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун кучга кирди.

Унга қадар жойларда тарғибот, тушунтириш ва тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Қонунга кўра, ҳокимлар таклифи бўйича тасдиқланган режа-жадвал асосида давлат органларининг ўзи жойларга чиқиб, ҳужжатсиз ер участкалари ва уй-жойларни ўрганиш ишларини амалга оширади. Биз ҳам ушбу жараёнда бевосита иштирок этиш учун Жомбой туманида бўлдик.

Тумандаги 38 та маҳаллада 190 минг аҳоли истиқомат қилади. Тасдиқланган режа-жадвал асосида ноябрь-декабрь ойларида туманнинг Сарой ва Полвонариқ маҳаллаларида хатлов амалга оширилиши белгиланган.

- Сарой маҳалласида 837 турар, 42 та нотурар жой, 30 та қурилиши тугалланмаган объект бор, - дейди Давлат кадастрлари палатаси туман филиали бош муҳандиси Дўстмурод Ўрозқулов. – Объектларни хатловдан ўтказиш учун ҳар бири 3 нафар мутахассисдан иборат 6 та гуруҳ шакллантирганмиз. Гуруҳ кунига 6 та объектни хатловдан ўтказади. Битта объектни хатловдан ўтказишга ўртача 30 дақиқа вақт сарфланса, унинг чизмаларини тайёрлаш учун 3-4 соатдан ортиқ вақт талаб этилади.      

Хатлов ўтказилиши белгиланган Сарой маҳалласида 781 хонадон бор. Маҳалла таркибида 4 та қишлоқ, 30 та катта-кичик кўча мавжуд, 11 та кўчабоши тайинланган. Биз борганимизда Сарой маҳалласи Абдулла Қурбонов  номли 2-берк кўчаси 3-уй (Шерзод Шоҳимардонов хонадони)да хатлов ишлари амалга ошрилмоқда экан. 8 сотих майдонда жойлашган хонадон табиий газ тармоғига уланган. Кадастр мутахассислари “Калида К7” ЖПС қурилмаси билан хонадоннинг чегараларига нуқталар белгилади, метрлаб хоналар ўлчамлари олинди, конструкцияси, умумий квадрат, баландлик каби маълумотлар тизимга киритилди. Олинган маълумотлар асосида кўчмас мулкни хатлов йўли билан техник инвентаризациядан ўтказиш натижасида тузилган (АБРИС) ҳужжат асосида кадастр паспорти шакллантирилади. Умумий олганда, битта объектни хатловдан ўтказиш учун 20-30 дақиқа вақт сарфланди.          

Мутахассислар билан жараённи кузатиш учун навбатдаги хонадонга йўл олдик. Аммо уй эгаси бошқа жойга ишга кетган, уй бекаси эса кадастр ҳужжатлари борлигини айтмоқда. Мутахассислар бу солиқ тўловчи сифатида тайёрланган инвентарь ҳужжат эканлигини, хатлов натижасида уйининг кадастр паспорти шакллантирилишини тушунтиришга уриниши ҳам самара бермади. Уй бекаси турмуш ўртоғи йўқлиги ва маҳалладан ҳам вакил бўлмаганлиги учун уйга ҳеч кимни киритолмаслиги туфайли бу хонадонда хатлов ўтказилмасдан қолди. Шу кўчада янги қурилган хонадон кимга тегишли эканлигини аниқлаб ҳам бўлмади.

Мутахассислар хатлов ишлари бошланган кундан буён шу каби ҳолатлар кўп учраётганини айтишмоқда. Қонун қабул қилинганига уч ойдан ошди. Шу вақт давомида тарғибот, тушунтириш тадбирлари олиб борилди, назорат қилувчи органлардан масъуллар бириктириш белгиланди, аммо ҳеч бир масъулни жараёнда учратмадик. Маҳалладан ҳам бирор кишини топмадик. Қўнғироғимиздан бироз ўтиб келган маҳалла раиси Жамол Йўлдошев “кўмир олиб келишга кетгани”ни билдирди. Маҳаллада хатлов ўтказиш режаси туман ҳокимлиги томонидан таклиф этилган ва бу таклиф тасдиқланган. Лекин шу пайтгача хатлов жараёнига маҳалла фаоллари ҳам, кўчабошилар ҳам, масъуллар ҳам кўмак кўрсатмаяпти.

Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қонунда иш давомида юзага келадиган жорий масалаларни ҳал қилиш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгаши қарори билан барча ваколатли органларининг туман бўлинмаларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузиш белгиланган.

Прокуратура, ички ишлар, агроинспекция, экология, кадастр органлари қонунни амалга оширишда давлат назоратини ўрнатиши керак.

Маълумот ўрнида, йил якунигача туманнинг Полвонариқ маҳалласида ҳам хатлов ўтказиш белгиланган ва ушбу маҳалла туман марказидан 30 километр олисда жойлашган...

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.