Озиқ-овқат экспортини кўпайтириш бу борада қандай имкониятларга эгамиз?

Давлат раҳбари иштирокида ўтказилган айни мавзудаги йиғилишдан сўнг вилоятдаги ҳолат билан қизиқдик.

Берилган маълумотга кўра, 2024 йил якунида вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажми 57,4 триллион сўмни ташкил қилган. Жорий йилда кўрсаткични 63 триллион сўм ва 103,8 фоиз ўсишга эришиш прогноз қилинган. Қайд этилишича, ўтган олти ойда 21,1 триллион сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқилиб, 104,6 фоиз ўсишга эришилган.

Бевосита аниқ факт ва рақамларга ўтадиган бўлсак, фермер хўжаликлари томонидан 52,8 минг гектар асосий майдонларга баҳорги экинлар экилганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Бунда 23,1 минг гектарини сабзавот, 21 минг гектарини картошка, 6,8 минг гектарини мойли, 2,6 минг гектарини дуккакли, 1,6 минг гектарини полиз экинлари ташкил қилади.

Ўтган давр мобайнида 90,6 минг гектар ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар жойлаштирилди. Жумладан, 10 минг гектар картошка, 11,9 минг гектар сабзавот, 35,9 минг гектар дуккакли, 6 минг гектар мойли ҳамда 26,8 минг гектар озуқа экинлари экилди.

Мазкур такрорий экинлардан 500,5 минг тонна маҳсулот етиштириш кутилмоқда. Етиштириладиган маҳсулотнинг 17,5 минг тоннаси қайта ишлашга, 59,5 минг тоннаси экспортга, 332,8 минг тоннаси ички истеъмол ҳамда 90,7 минг тоннаси захира, уруғлик учун ажратилиши режалаштирилган.

Албатта, етиштириладиган маҳсулотлар баланси ҳисоб-китоб қилинган. Унга кўра, картошка 782 минг тонна ёки талабга нисбатан 320 фоиз, сабзавот 1,6 миллион тонна ёки талабга нисбатан 363 фоиз, мевалар 417 минг тонна ёки талабга нисбатан 127 фоиз, узум 692 минг тонна ёки талабга нисбатан 923 фоиз, ўсимлик ёғи 46,9 минг тонна ёки талабга нисбатан 107 фоиз, полиз маҳсулотлари 176 минг тонна ёки талабга нисбатан 229 фоиз, гўшт 337 минг тонна ёки талабга нисбатан 182 фоиз, сут 1,5 миллион тонна ёки талабга нисбатан 300 фоиз, тухум 1,4 миллион дона бўлади.