Паст Дарғом ҳокими нега интервью бермади?
Вилоят телерадиокомпаниясида ўтказилган бу галги "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Паст Дарғом тумани ҳокими Шунқор Худойбердиев, сектор ҳамда ташкилотлар раҳбарлари фуқаролардан тушган 30 дан ортиқ мурожаатга кўрсатув чоғида жавоб қайтарди.
Мулоқот бошлангач, туманнинг тўртта сектор раҳбари ўз секторлари ҳудудида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида гапирди. Шундан сўнг, туман мутасаддилари вилоят телерадиокомпаниясининг телефон рақамлари, ижтимоий тармоқлар ҳамда "Зарафшон" газетаси орқали йўлланган саволларга жавоб қайтарди.
Паст Дарғом туман аҳолиси асосан, уй-жой, суюлтирилган газ баллони етказиб бериш, ичимлик ва оқова суви, йўл, имтиёзли кредит олиш, таълим тизими, давлат хизматлари, аҳоли бандлигини таъминлаш, тиббий соҳага оид муаммолар ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича мурожаат қилди.
Ш.Худойбердиевнинг таъкидлашича, 2019 йилда тумандаги 5 та массивда 188 та намунавий уй-жой қурилиши режалаштирилган. Жумладан, Гўзалкент маҳалласида 96 хонадонли 4 та кўпқаватли, Пахтакор маҳалласи Исломобод қишлоғида 48 хонадонга мўлжалланган 2 та 4 қаватли уй қурилади. Шунингдек, Қатортерак маҳалласида 14 та ҳамда Камолот маҳалласида 6 та намунавий лойиҳадаги 2 сотихли уй-жойлар қуриш режалаштирилган.
Ҳокимнинг айтишича, жорий йил якунига қадар, туманда 3514 нафар аҳоли ичимлик суви билан таъминланади ва 2174 нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади. Шунингдек, фуқароларни қийнаб келаётган йўл муаммоларига ҳам қисман барҳам берилади. Масалан, шу йил 41,3 миллиард сўм сарфланиб, йўлларга асфальт ётқизилади, қайта таъмирдан чиқарилади.
Самарқанд шаҳри Дарғом маҳалласида яшовчи Оқбўта Холжигитовнинг "Паст Дарғом туманидаги Чархин кўзи ожизлар жамиятида канализация йўқ. Мен ҳам шу жамиятнинг аъзосиман. Бу масалада амалий ёрдам бера оласизларми?", деб йўллаган саволига жавобан туман раҳбари бу муаммо унинг ҳам муаммоси эканини айтиб, тез фурсатда бартараф этишга ваъда берди.
Кўрсатув давомида ўқилмай қолган 50 га яқин мурожаат юзасидан мутасаддиларга тегишлилиги бўйича кўрсатмалар берилди.
Кўрсатувдан сўнг анъанага кўра, туман ҳокимининг фикрлари билан қизиқдик ҳамда газета ва расмий сайтимиз учун интервью беришини сўрадик. Бироқ Шунқор Худойбердиев ҳозир интервью беришга ҳоли йўқлигини маълум қилди. Шу сабабли Паст Дарғом тумани ҳокимининг "Очиқ мулоқот" ҳақидаги фикрлари сизу бизга қоронғу.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ.