Паст Дарғомда ўқитувчиларга қўпол муомалада бўлган мактаб директори ва ўринбосарларига “ҳайфсан” берилди

Паст Дарғом тумани 6-умумий ўрта таълим мактабида пул йиғилиши ҳолати юзасидан расмий баёнот берилди.

Маълум қилинишича, туман прокуратураси томонидан ҳолат мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганилганда, мактаб директори томонидан текширувчилар учун 150 минг сўмдан пул талаб қилаётганлиги аудио ёзувлар бўлса-да, ўқитувчиларнинг мактаб директорига пул маблағлари бермаганлиги ҳақидаги кўрсатувлари, мутахассисларнинг далолатномаси ҳамда вилоят халқ таълими бошқармасининг хизмат текшируви хулосасига кўра ўз тасдиғини топмаган.

Аммо мактаб директори томонидан дарс вақтида ўқитувчиларга йиғилишлар ташкил қилинганлиги ва қўпол муомалада бўлганлиги ҳолати ўз тасдиғини топган ва унга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган.

Текширув натижасига кўра, прокуратура томонидан киритилган тақдимномага асосан директор ва унинг икки ўринбосари меҳнат қонунчилигини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, пул йиғиш масаласини муҳокама қилганлиги учун бир нафар ўринбосари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.