Паст Дарғомда «Самарқанд вилояти имтиҳон маркази» очилди
Айни пайтда ушбу инновацион мажмуанинг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтмоқда. Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят сектор раҳбарлари, республика масъуллари ва туман раҳбарияти иштирок этмоқда.
Таъкидланишича, “Самарқанд вилояти имтиҳон маркази” инновацион мажмуаси ҳар куни назарий имтиҳон топшириш бўйича 800 га яқин номзодни, автомобиль бошқариш имтиҳони бўйича эса 400 нафар номзодни қабул қила олади.
Бутун жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Номзод марказга келганида ўзига тегишли индивидуал QR-кодини олади, бунда у топширадиган имтиҳонларнинг ҳар бир босқичи белгилаб қўйилган бўлади. Назарий имтиҳондан ўтиш учун 20 та саволдан камида 18 тасига тўғри жавоб бериш талаб этилади, бунга 25 дақиқа вақт ажратилади. Агар ушбу синов босқичидан муваффақиятли ўтса, номзод ҳайдовчилик бўйича амалий имтиҳонни топшириш ҳуқуқига эга бўлади.
Кутиш залида унга зарур кўрсатмалар берилади, шунингдек, қайси машғулотларни ва қандай кетма-кетликда бажариш кераклиги тўлиқ акс эттирилган видео маълумотнома намойиш этилади. 99 жарима балл чегарасидан ошиб кетилмаса, имтиҳон топширилган ҳисобланади. Агар номзод амалий имтиҳондан ўта олмаса, у назарий имтиҳонни муваффақиятли топширган пайтдан бошлаб 2 ой ичида 7 кунлик интервал билан қайта топшириши мумкин.
Амалий имтиҳонни топшириш учун марказда учта майдонга бўлинган автоматлаштирилган автодром мавжуд. Бирида «B», «C» ва «D» тоифалари, яъни енгил автомобиль, юк машинаси ва автобусни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга даъвогар номзодлар имтиҳон топширади. Иккинчи майдонда эса «А» тоифаси учун – мототранспорт бошқариш ҳуқуқига эга бўлишни хоҳловчилар амалий кўникмаларини намойиш этадилар. Учинчи майдон «BE», «CE» ва «DE» тоифалари учун, яъни тиркамали автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича имтиҳонларга мўлжалланган.
Назарий ва амалий имтиҳонлар бўйича қўшимча тайёргарликка муҳтож номзодлар учун марказда экспресс-курслар мавжуд.
Имтиҳонларнинг иккала босқичи муваффақиятли топширилганидан сўнг, сертификат берилади, номзодлар бу сертификат билан вилоят ЙҲХБга мурожаат қилишлари лозим. Сертификат маълумотлар базасида текширилганидан сўнг, уларга белгиланган тартибда ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилади.
- Бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи жуда долзарб, - деди вилоят ҳокими очилиш маросимида. - Бундай марказларнинг фаолияти ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш соҳасидаги коррупцияга тўлиқ барҳам бериш имкони борлигини амалда намоён этмоқда. Бу, ўз навбатида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шартидир, чунки имтиҳонни муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги гувоҳномани фақат йўл ҳаракати қоидаларини, ҳайдовчилик кўникмаларини билган ва буни амалда қўллай оладиганларгина олишлари шарт.