Пахта майдонларини суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади
“Пахта хомашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–23-сон, 26.01.2023 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра:
- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларнинг таъсисчиларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга чақириш, фермерлар билан бўладиган муносабатларига таъсир ўтказиш қатъиян ман этилади;
- пахта-тўқимачилик кластерларига тўрт томонлама битим доирасида олинган мажбуриятлардан ташқари қўшимча мажбуриятларни юклаш тақиқланади.
2023 йил ҳосилидан ҳар йили 1 октябргача пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликлари билан келгуси йил ҳосили учун пахта етиштириш бўйича фьючерс шартномалари тузилади (2023 йил ҳосили учун 2023 йил 1 февралга қадар).
Шунингдек, 2023 йилдан:
- хориждан олиб келинган ва республикамизда ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига улар қийматининг 30 фоизи қоплаб берилади;
- пахта етиштириладиган майдонларни насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади.
2025 йил 1 январгача импорт қилинадиган айрим минерал ўғитларга божхона божининг “ноль” ставкаси қўлланилади.