Пахта нархини биржа бeлгилайди
2023 йил 12 декабрда Президентимиз «Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» фармон қабул қилди. Унга кўра, фермер ва кластерлар учун яна қандай ўзгаришлар бўлди?
Фармонга кўра, 2024 йил ҳосилидан бошлаб, пахта хомашёсини етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ўртасида пахта хомашёни етказиб бериш бўйича фючерс шартномалари тупроқ ҳосилдорлиги нормативлари доирасида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг «пахта хомашёси секцияси»да ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдолар натижаларига кўра тузилади.
Фючерс шартномаси - етиштирувчи ва кластер ўртасида ҳосил терими даврида хомашёни етказиб бериш шарти билан икки томонлама тузилган ҳамда «Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржа» акциядорлик жамиятининг алоҳида «пахта хомашёси секцияси» орқали рўйхатдан ўтган шартнома. Унга мувофиқ, етказиб берилиши лозим бўлган ҳажмдан ортиқча етиштирилган, шунингдек, кластер билан фючерс шартномаси тузмаган ҳолда, ўз маблағлари, шу жумладан, жалб қилинган маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобига етиштирилган пахта хомашёси етиштирувчилар томонидан биржа орқали тадбиркорлик субъектларига сотилади ёки қайта ишланади. Яъни, фючерс шартномаси бўйича ортиқча етиштирилган пахта хомашёси фючерс шартномаси тузилган кластерга тўғридан-тўғри сотилиши мумкин. Пахта хомашёсини қайта ишлашдан олинган пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотлар (чигит, линт ва ўлик пахта) тўлиқ ҳажмда биржа орқали сотилади (бу етиштирувчилар томонидан сотиладиган уруғлик пахта хомашёси учун татбиқ этилмайди).
Фермер хўжалиги ўз мажбуриятлари бўйича, шу жумладан, ер ижараси, фючерс ва кредит шартномаларида назарда тутилган мажбуриятлари бўйича ўз мол-мулки билан жавоб беради. Бунда, фермер хўжалигининг бошлиғига фермер хўжалигининг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда фермер хўжалигининг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонунчиликка мувофиқ субсидиар жавобгарлик белгиланган.
Шу муносабат билан республика штабига пахта хомашёсини етиштириш, сақлаш, реализация қилиш ва пахта хомашёси етиштирилишини молиялаштириш устидан назорат механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
пахта хомашёси, пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотлар (чигит, линт ва ўлик пахта)ни биржа савдоларига чиқариш ишларини ташкил этиш;
пахта хомашёси, пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотлар (чигит, линт ва ўлик пахта)ни биржа савдоларига чиқариш ҳамда тўловларнинг амалга оширилиши устидан кунлик назорат ўрнатиш;
пахта хомашёси, пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотлар (чигит, линт ва ўлик пахта)ни сотиб олиш ва сотиш бўйича янги тизимнинг шаффофлигини, тўлақонли ва адолатли ишлаб кетишини ҳамда пахта хомашёсини етиштирувчилар манфаатдорлигини таъминлаш юклатилган.
Шунингдек, 2024 йил ҳосилидан пахта хомашёсини етиштириш, пахта йиғим-терими ва харидини қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштириш тартиби жорий этилган:
а) фючерс шартномаси тузган етиштирувчи ва уруғчилик субъектларига ҳар йили 1 октябрдан пахта хомашёси етиштириш учун - пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоизда (шундан, банк маржаси 2 фоиз) 14 ойга, шу жумладан, 12 ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратилади;
б) кластерларга пахта хомашёси хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун пахта хомашёси қийматининг 80 фоизигача йиллик 10 фоизда (шундан, банк маржаси 2 фоиз) 10 ойга, шу жумладан, 6 ойлик имтиёзли давр ва охирги 4 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;
ижара ҳуқуқи мавжуд бўлган ер участкасида пахта хомашёси етиштириш учун - пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоизда (шундан, банк маржаси 2 фоиз) 24 ойга, шу жумладан, 18 ойлик имтиёзли давр ва охирги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;
ижара ҳуқуқи мавжуд бўлган ер участкасида етиштириладиган пахта хомашёсининг йиғим-терими учун - пахта хомашёси қийматининг 20 фоизигача йиллик 10 фоизда (шундан, банк маржаси 2 фоиз) 12 ойга, шу жумладан, 3 ойлик имтиёзли давр ва охирги 9 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан кредит ажратилади;
в) фючерс шартномасига асосан етиштирувчилардан қабул қилинган пахта хомашёси учун тўловларнинг 80 фоизи пахта хомашёси қабул қилиб олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан, қолган қисми молия йилининг 31 декабрь кунига қадар амалга оширилади;
г) ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан агротехник тадбирлар доирасида товарлар (ишлар, хизматлар), шу жумладан, моддий ресурслар етказиб берувчилар ва хизмат кўрсатувчилар етиштирувчилар томонидан ихтиёрий танланади (бундан уруғлик чигит мустасно);
д) етиштирувчилар, кластерлар ва уруғчилик субъектлари кредит буюртмаларини Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агроплатформа» ахборот тизими орқали электрон шаклда тақдим этади.
Фармон билан кластерларни ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши учун талаблар ва янгиланган тартиб жорий этилган:
а) талабгор тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш (ип калаваси, трикотаж мато, газлама, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бўяш) қувватларининг камида иккита босқичини йўлга қўйган бўлиши;
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётган, тугатилиш босқичида бўлмаган, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилмаган ва «ёмон» кредит тарихига эга бўлмаган ҳамда мурожаат санасида кредит (лизинг, банк кафолати, аккредитив) ва солиқлардан муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган бўлиши шарт;
б) кластерлар фаолияти Қишлоқ хўжалиги вазири билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимларининг қарорлари билан ташкил этилади;
в) кластер фаолиятини ташкил этиш истагида бўлган талабгорлар очиқ ва шаффоф онлайн танлов асосида танлаб олинади;
г) пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тугатилади;
д) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда тегишлилигига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят ҳокимликлари билан талабгор ўртасида кластер фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида уч томонлама битим тузилади;
э) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кластерлар реестрини юритади ва ушбу реестрни ўзининг расмий веб-сайтида доимий равишда эълон қилиб боради;
ж) 2024 йил ҳосили учун фючерс шартномалари тузишда мазкур банднинг «а» кичик бандида назарда тутилган қоидалар, истисно тариқасида, амалда фаолият юритаётган кластерларга татбиқ этилмайди.
Кластерлар ва бошқа тўқимачилик корхоналари томонидан пахта хомашёси тўлиқ электрон тарози орқали қабул қилинади ҳамда ишлаб чиқарилган пахта толасини автоматлашган мажбурий ҳисобга олиш тизими жорий қилинади.
Пахта хомашёси уни йиғиш, ташиш, қуритиш, сақлаш ва бирламчи қайта ишлашга қўйиладиган ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган ҳамда электрон тарози ва техник жиҳатдан малакалилиги маъқулланган синов лабораторияси билан жиҳозланган омборларда сақланиши шарт.
2024 йил пахта ҳосилидан бошлаб электрон тарози орқали қабул қилинган пахта хомашёси ва ишлаб чиқарилган пахта толасини автоматлашган мажбурий ҳисобга олиш тизими жорий этилади ва уни «Агроплатформа» ахборот тизимига интеграция қилинади.
Келгусида кластерлар ва бошқа тўқимачилик корхоналари томонидан харид қилинган пахта хомашёси ўзларининг белгиланган тартибда техник жиҳатдан малакалилиги маъқулланган лабораториясида ёки шу талабларга жавоб берадиган бошқа лабораторияларда таҳлил қилиниб, қабул қилинади.
2024 йилдан кластерларда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари жорий қилинади ва нуфузли халқаро аудиторлик ташкилотларини жалб қилган ҳолда улар фаолияти самарадорлиги ва молиявий кўрсаткичларини мустақил ташқи аудитдан ўтказиш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, кластерларга қабул қилиб олинган пахта ҳосили учун электрон ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи суммаси кластерлар томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарига (фермер хўжаликлари) пахта ҳосили учун тўланган тўловга мутаносиб миқдорда ҳисобга олинади. Бунда кластерларда қишлоқ хўжалиги корхоналари (фермер хўжаликлари) томонидан етиштирилган пахта хомашёсини шартномада белгиланган нархларда сотиб олиш ва ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган якуний ҳисоб-китобнинг 20 фоизини молия йилининг якунига қадар амалга ошириш мажбурияти сақлаб қолинади.
2024 йилдан пахта хомашёси етиштирувчиларни моддий ресурслар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида товар-хомашё биржаларида 0,2 ва 0,5 тонналик кичик лотларда минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш материалларининг доимий савдоларга барча ҳудудлар бўйича қўйилишини таъминлаш назарда тутилган.
Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларига фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларининг минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари бўйича ўтказиладиган биржа савдоларида иштирок этишига кўмаклашиши юклатилган.
Эгамберди Рўзиев,
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.