Пахтачи тумани ва Каттақўрғон шаҳрида “Инсон” иш бошлайди

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 сентябрда қабул қилинган “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 15 октябрдан бошлаб юртимиздаги 28 та туман (шаҳар)да эксперимент тариқасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилади.

Жумладан, Самарқанд вилоятида Пахтачи тумани ва Каттақўрғон шаҳри танланган.

Қуйидагилар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланган:

- оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга (кейинги ўринларда — ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли) бевосита маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш;

- ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини баҳолаш орқали уларга индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаларини (кейинги ўринларда — индивидуал ижтимоий хизматлар режаси) ишлаб чиқиш;

- индивидуал ижтимоий хизматлар режасига мувофиқ ижтимоий хизматлар ва ёрдамларнинг кўрсатилишини ташкил қилиш, шунингдек, зарур ҳолларда индивидуал ижтимоий хизматлар режасига тегишли тузатишлар киритиб бориш;

- ички ресурсларни, шу жумладан ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кўнгиллиларни (қариндошлар, қўни-қўшнилар, волонтёрлар) ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишга жалб қилиш ҳамда уларнинг мазкур соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

- аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар тўғрисида, шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтириш бериш.

Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишда ижтимоий ходимларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади.