Пахтачи туманининг собиқ ҳокими И.Юсупов оқланди
Жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани судининг 2015 йил 4 ноябрдаги ҳукмига асосан И.Юсуповга:
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазолар қисман қўшилиб, узил-кесил 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Суднинг ҳукмига кўра, И.Юсупов 2009 йил 18 декабрь кунидан 2012 йил 9 август кунига қадар Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими лавозимида ишлаб келиб:
- Деҳқон бозори директоридан 2011 йил июнь ойидан 2012 йилнинг август ойига қадар ҳар ой ўртача 85.715 сўм миқдордаги жами 1.200.000 сўмлик турли хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан иборат бўлган бозорликларни тамагирлик йўли билан пора тариқасида олганликда;
- Деҳқон бозорининг директори 2011 йилнинг декабрь ойида нархи 250.000 сўм бўлган қўй гўштини тамагирлик йўли билан пора тариқасида олганликда;
- Пахтачи тумани ҳокимлиги маъмурий биноси ёнида жойлашган ошхонада жами бўлиб 150.000 сўмлик таомлар билан овқатланиб, таомлар учун ўзи тўлов қилмасдан, деҳқон бозори директорига тўлаттириб, ушбу 150.000 сўм пулларни тамагирлик йўли билан пора тариқасида олганликда;
- Деҳқон бозори директоридан 2012 йилнинг 29 февраль куни нархи 50.000 сўм бўлган қора рангли “Panasonic” русумли стационар телефон аппаратини қабулхонасига қўйиш учун тамагирлик йўли билан пора тариқасида олганликда;
- 2012 йилнинг май ойи бошларида 9 май - Хотира ва қадрлаш куни байрами нишонланиши муносабати билан ушбу тадбирни ўтказиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб келиб бериш ҳақида деҳқон бозори директорига қонунга зид равишда оғзаки топшириқ бериб, 300.000 сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тамагирлик йўли билан пора тариқасида олганликда;
- 2012 йил март ойининг бошларида туманда 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни байрами нишонланиши муносабати билан ушбу тадбирни ўтказиш учун тумандаги “Зиёвуддин толаси” ОАЖ бошқарув раисини хизмат хонасига чақириб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ҳомий сифатида ушбу тадбирни ўтказиш учун 300.000 сўм бериш тўғрисида қонунга зид равишда оғзаки топшириқ берганликда;
- 2012 йилнинг июнь ойида Мустаҳкам оила йили муносабати билан кам таъминланган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда болаларнинг маънавий ва интеллектуал ривожланишига қаратилган ижтимоий лойиҳа доирасида ўтказилган “1000 та тўй” акцияси муносабати билан ушбу тадбирни ўтказиш учун тумандаги “Зиёвуддин толаси” ОАЖ собиқ бошқарув раиси ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорини хизмат хонасига чақириб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, мавқеидан фойдаланган ҳолда, ҳомий сифатида ушбу тадбирни ўтказиш учун жами 1.500.000 сўм бериш тўғрисида қонунга зид равишда оғзаки топшириқ берганликда айбли деб топилган.
И.Юсупов суд ҳукмидан норози бўлиб, кассация шикояти келтирганлиги сабабли жиноят иши Самарқанд вилояти судининг кассация инстанциясида суд тергови ўтказиш йўли билан кўриб чиқилди.
Вилоят суди раисининг ўринбосари Ў.Мамадалиев раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида И.Юсуповга қўйилган айбловлар тахмин ва фаразларга асосланганлиги маълум бўлиб, унинг айбсизлиги ўз исботини топди.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасида терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланганни ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги қайд этилган.
Мазкур қонун талаби бузилганлиги сабабли суд ҳукми бекор қилиниб, И.Юсупов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” банди ва 205-моддаси 1-қисми билан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан айбсиз деб топилиб, оқланди.
2019 йил 10 ноябрь ҳолатига жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судлари томонидан 31 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган, деб хабар бермоқда ЖИБ Самарқанд вилояти суди.