Пахтачида аёл МИБ ходимини таёқ билан калтаклади

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни МИБ Пахтачи тумани бўлими ходимлари Ҳунарманд маҳалласида жойлашган хусусий корхонага ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб олганлиги ҳолатини текшириш мақсадида борганида Н.Р. (1991 й.т, аёл) МИБ ходимларининг фаолиятига қаршилик кўрсатиб, уларни ҳақорат қилган. Бунинг устига МИБ ходими Б.У.ни таёқ билан уриб, танасининг турли жойларига жароҳат етказган. Ходим Ф.Х.нинг қўлидан далолатномани тортиб олиб, уларни йиртган, ёқиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Н.Р.га нисбатан ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди, 219-моддаси 2-қисми ва 227-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура хабарига кўра, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.