Пахтачида янги китоблар тақдимоти ўтказилди
Пахтачилик шоир ва адиб, филология фанлари номзоди, фалсафа доктори Исмат Санаевнинг бугунгача тарихий, фалсафий ҳамда адабиётшуносликка оид хулосалари, қалб туғёнларини ўз ичига олган қирқдан ортиқ китоби нашр этилган. Яқинда унинг кўп йиллик изланишлари самарасини ўзида жамлаган яна иккита китоби нашрдан чиқди.
Зиёвуддин шаҳарчасида мазкур китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Пахтачи тумани ҳокими М.Ҳамдамов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш.Бўронов иштирок этиб, ушбу китобларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
- Ижодкорнинг “Зиёвуддин ўғлонлари” номли китоби пахтачилик мард ўғлонларнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасоратини ёритувчи муҳим асар, дейиш мумкин, - деди М.Ҳамдамов. - Уларнинг Ватан ҳимояси йўлидаги қаҳрамонликлари, матонати пахтачиликлар қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотса, улғаётган ёш авлод учун ибрат мактаби ҳисобланади. И.Санаевнинг “Машраб” китоби эса шубҳасиз, ўзбек адабиётшунослиги ривожига муносиб ҳисса қўшади. Сабаби унда муаллифнинг узоқ йиллик машаққатли илмий изланишлари ва адабий хулосалари жамланган.
Тадбирда тумандаги 11, 23-умумтаълим мактабларининг китобхон ўқувчилари томонидан И.Санаев китоблари асосида тайёрланган бадиий саҳна чиқишлари намойиш этилди.
Олим Хўжаев,
Иззатулла Норқувватов.