Пахтачида юк машинаси ва “Laсetti” ўртасида юз берган ЙТҲда 2 киши ҳалок бўлди

Кеча, 16 сентябрь куни соат 7:00 да Пахтачи тумани Ёбу маҳалласи ҳудудидан ўтган М-37 “Самарқанд-Бухоро” автомобиль йўлининг 139-километрида ҳайдовчи, 26 ёшли И.Р. бошқарувида бўлган “ISUZU” русумли юк автомашинани Навоий вилояти йўналиши бўйича бошқариб бориб, олд томонидан ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи, 53 ёшли Ш.Ҳ.нинг бошқарувидаги “Laсetti” русумли автомашинанинг орқа томонидан уриб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Оқибатда “Laсetti” автомашинаси йўловчиси - 70 ёшли Ҳ.Х. олган тан жароҳатлари сабаб ҳодиса жойида вафот этган. Автомашинанинг бошқа йўловчилари - 68 ёшли Ҳ.У. (аёл) ва 42 ёшли А.Б.лар (аёл) турли даражада олган тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, Ҳ.У. вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими  томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда жиноят иши бўйича Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.