Пайариқда 3 та боғча фойдаланишга топширилиб, қамров 60 фоизга етказилди

Жорий йилда асосий эътибор мактабгача таълим ташкилотлари бўлмаган чекка ҳудудларда боғчалар очилишига, болаларнинг илк таълим олишга қамровини оширишга қаратилмоқда. Пайариқ туманида ҳам кундан-кунга замонавий боғчаларнинг барпо этилиши натижасида 3-7 ёшдаги болаларнинг илк таълимга қамрови ошмоқда. 

Бугун туманда бир кунда 3 та давлат боғчаси очилиб, 360 нафар болажонни ўз бағрига олгани маҳалла аҳли, ота-оналарни қувонтирди, болажонлар қалби шодликка тўлди.

Алишер Навоий маҳалласида 3-, Гулзор маҳалласида 19- ва Қумчуқ маҳалласида 47-давлат мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилиши натижасида туманда 3-7 ёшли болаларни боғчаларга қамрови 60 фоизга етди.

Боғчаларнинг ҳар бири 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, болажонларнинг сифатли таълим олиши учун барча қулайликлар яратилган. Замонавий ошхона, машғулотлар хонаси, спорт майдончалари барча инвентарлар билан жиҳозланган.

Пайариқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.