Пайариқлик тадбиркор Нукусда корхона очмоқчи
Шу йилнинг 20 август куни Президентнинг тадбиркорлар билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Бундай учрашув пойтахтдан ташқари биринчи маротаба ўтказилгани ва унгача бир ойдан ортиқ вақт давомида тадбиркорларнинг соҳалар кесимида учрашувлари ўтказилиб, соҳадаги муаммолар масъуллар иштирокида ўрганилди.
Вилоятимиз тадбиркорлари ҳам ўзларини қийнаётган мингга яқин масала ва таклифларини билдиришди.
Давлат раҳбари билан мулоқотда вилоятимиздан 15 нафар тадбиркор бевосита қатнашган бўлса, 65 га яқин ишбилармон вилоят студиясидан иштирок этди.
Жумладан, Пайариқ туманидаги “Silver Green Tea” оилавий корхонаси директори, «Шуҳрат» медали соҳиби Шокир Эшонқулов Нукусга бориб келди. У учрашув таассуротлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
- 1992 йилдан буён тадбиркорлик, аниқроғи, чой савдоси билан шуғулланиб келаман. 2019 йилдан оилавий корхона ташкил этиб, чойни қадоқлаш билан шуғулланишни бошладик. Дастлаб 10 сотих ер майдонида битта цех ташкил қилиб, Пайариқ ва Қўшработ туманларига чой етказишни йўлга қўйдик. Кейин ўғлимнинг ҳовлисида янги бино қуришга киришдик. Аввал 32 нафар ишчи билан Хитой, Эрон, Кениядан тозаланган чой олиб, қадоқлаб, республикамизнинг деярли барча ҳудудларига тарқатишни йўлга қўйган бўлсак, энди янги биномиз ишга тушса, ишчиларимиз сони 50 нафарга етади.
Ўғлим менежмент соҳасида таҳсил олиб, тадбиркорликда иш юритишни, хорижий тилларни, ҳамкорлар билан ишлашни ўрганди. Хитойга икки-уч маротаба бориб янги ҳамкорлар билан шартномалар тузди. Натижада дастлаб йилига 200 тоннагача чой қадоқлаб сотган бўлсак, ҳозирда кунига 3-4 тонна, йилига минг тоннадан ортиқ чой қадоқлаш имконига эгамиз.
Йил бошида туман ҳокими корхонамизга келиб, фаолиятимизни ўрганди. Сўнгра вилоят ҳокими билан учрашувда корхонамизни кенгайтириш режаларини билдирдик. 2024 йил февралда тумандаги кичик саноат зонаси ҳудудидан 1 гектардан ортиқ ер майдони олдик. Бу ерда чой қадоқлаш ва сақлашни ташкил этиш билан бирга, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлашни йўлга қўймоқчимиз.
Тадбиркорлик соҳасидаги кичик ҳаракатларимиз эътироф этилиб, тадбиркорлар куни арафасида Президентимизнинг фармони билан «Шуҳрат» медали билан тақдирландим. Бу бизга фаолиятимизни ривожлантиришда янги куч берди.
20 август куни Президент билан учрашувда 50 нафардан ортиқ иш ўрни яратган корхоналарга солиқдан енгиллик яратиш, электр энергиясини белгиланган лимитдан 20 фоизгача зиёдига тўловни ортиқча ҳисобламаслик белгиланганидан жуда хурсанд бўлдик. Шунингдек, биз каби саноат зоналаридан ер олган тадбиркорларга ер учун маблағни тўлаш муддати 2 йилдан 5 йилга узайтирилгани ҳам катта молиявий ёрдам бўлди. Тўғрисини айтсам, бундай учрашувда биринчи бор қатнашишим эди. Кўплаб тадбиркорлар билан танишдим, фикр алмашдим, тажриба орттирдим. Давлат раҳбарининг гапларидан катта куч олдим.
Учрашувда бир нечта тадбиркор Қорақалпоғистонда иш бошлаш истагида эканлигини билдирди. Мен ҳам янги объектларимизни ишга туширгандан сўнг ўша ердан ишончли ҳамкор топиб, чой қадоқлаш, мева-сабзавотни сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш учун корхона очишни ният қилиб турибман.
Ўктам Худойбердиев ёзиб олди.