Пайариқлик "Заковат"чилар Президент эътиборига тушди

Ёшлар куни муносабати билан Президентимиз “Янги Ўзбекистон” боғида ташкил этилган тадбирда иштирок этиб, “Заковат” павильонида ҳам бўлди ва  клуб билимдонлари, маҳаллалар ўртасидаги интеллектуал турнир ғолиби бўлган Пайариқ тумани Сорисув маҳалласи жамоаси билан учрашди.

- Ўтган йил Бухорода ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг финалида Президентимиз билан илк бор учрашгандим, - дейди Сорисув маҳалласи жамоаси сардори Баҳодир Аноров. – Лекин ўшанда Юртбошимиз билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмаганди. Не бахтки, бу йил нафақат мен, балки жамоамиз аъзолари ҳам бунга мушарраф бўлдик. Президентимиз боғга келганларида жамоамиз “Заковат” турнирининг  республика босқичида биринчи ўринни қўлга киритгани ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари хурсанд бўлиб, “Сиз каби билимдон, иқтидорли ва истеъдодли ёшлар юртимиз таянчи, келажагимиз эртаси, сиз билан доим фахрланаман,  билим олишларинг учун ҳамма шароитни яратиб бераман”, деган гапларидан барчамиз севиниб, тўлқинланиб кетдик. Албатта, мен ҳам жамоа сардори сифатида бундай эътибор ва яратилаётган имкониятлар учун маҳалламиз ёшлари номидан миннатдорлик билдириб, келгусида бундан-да юқори марраларни забт этишимизга ваъда бердим.

Шунингдек, маҳалламиздаги 84-мактабда инглиз тилидан дарс беришимни, “Заковат” клуби аъзоси эканлигимни ва жамоамиз билан маҳалла ўқувчилари орасидан билимлиларини саралаб, интеллектуал жамоалар шакллантираётганимизни айтдим. Президентимиз гапларимдан хурсанд бўлиб, ишларимизга ривож тилади ва Самарқандда ҳоким бўлиб ишлаган йилларида ушбу мактабнинг томини таъмирлатиб берганларини, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашганларини эслади. Давлатимиз раҳбари билан учрашувдаги самимий суҳбат бир умр ёдимизда қоладиган бўлди.

Президентимиз таклифи билан маҳаллалар ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган мусобақалар, интеллектуал ўйинлар ва кўрик-танловлар энди ҳар йили икки марта ўтказилади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятида тажриба сифатида “Заковат” мактаблари очишни ва кейинчалик буни вилоятларда ташкил этишни таклиф қилгани ёшларга яна бир имконият эшикларини очди.

- Аввало, бу мусобақаларнинг ташкил этилиши маҳалламиз ёшларининг билими, истеъдоди рўёбга чиқишида катта омил бўлди, - дейди Сорисув маҳалласи “Заковат” клуби аъзоси Шероз Рашидов. – Дастлабки ўйинлар кўтаринки руҳда ўтди. Ҳар бир турда эришган ғалабамиз бизни фақат олға боришга ундади. Албатта, кучли жамоалар билан ҳам беллашдик, аммо ўзимизга бўлган ишонч ғалаба сари етаклади. Энг қувонарлиси, Президентимиз билан учрашганимиз бўлди. Тўғриси, бу учрашув орзу қилиш мумкин бўлган бахт. Ҳалигача қалбимизда ҳаяжон бор.

Фазлиддин Рўзибоев.