Пайариқдаги деҳқон бозорида турмуш ўртоғини ваҳшийларча ўлдирган қотилга нисбатан суд иши бошланди

Жиноят ишлари бўйича вилоят судида судья Т.Қодиров раислигида турмуш ўртоғини ваҳшийларча ўлдирган А.Б.га нисбатан суд иши бошланди.

Судланувчи А.Б. 2019 йил 7 август куни соат 14:30 ларда Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани Ғойиб ота маҳалласида, жойлашган "Челак деҳқон бозори" масъулияти чекланган жамияти ҳудудида тадбиркор В.Г.га тегишли савдо растасига сотиш учун қўйилган ошхона пичоғи билан 1993 йилда туғилган турмуш ўртоғи Н.Г.ни қасддан ўлдириш мақсадида чап кўкрак қафаси орқа соҳасига икки марта зарб билан урган.

Н.Г. "Челак деҳқон бозори" ҳудудидаги 41-сонли дорихонага қочиб борганида А.Б. жиноий мақсадини охирига етказиш мақсадида унинг ортидан таъқиб қилиб, қўлидаги ошхона пичоғи ёрдамида ўта шафқатсизлик билан ҳаёти учун муҳим чап ўпка ва чап курак соҳаларига, чап елка бўғими ва чап қўлтиқ ости соҳаларига пичоқ билан 9 марта зарба берган. Оқибатда Н.Г. воқеа жойида вафот этган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида Н.Г.нинг ўлими етказилган тан жароҳатидан кейин ўткир қон кетиш билан кечган организмининг қонсизланиши оқибатида юз берганлиги, оғирлик даражаси бўйича оғир тан жароҳати гуруҳига кириши аниқланган.

Судланувчи А.Б. ўзининг ғайриқонуний жиноий ҳаракатлари билан жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда, яъни ўта шафқатсизлик ва безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “ж,л” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Отабек ҚОДИРОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судья катта ёрдамчиси.