Пенсия тайинлаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар соддалаштирилди
2019 йил 21 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори асосида тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, эндиликда фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг пенсия тайинлашни сўраб, Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига ариза билан мурожаат қилганда улардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини талаб этиш бекор қилинди.
Шунингдек, қарорга мувофиқ боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилганда боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асли ўрнига унинг нусхасини тақдим этиш ҳуқуқи жорий этилди.
Ушбу ўзгартиришлар пенсия тайинлашда фуқароларнинг ортиқча оворагарчилиги ва қоғозбозликнинг олдини олади.