Пенсия ва нафақалар оширилган миқдорда тўланмоқда

2022 йилнинг 1 майидан бошлаб ёшга доир, ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик пенсиялари миқдори 12 фоизга оширилди.

Эндиликда ёшга доир пенсияларнинг энг кам пенсия миқдори – ойига 633 000 сўм, ногиронлик пенсиялари, шу жумладан, иш стажи тўлиқ бўлмагандаги ногиронлик пенсияси олувчиларининг пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 698 000 сўм, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлик нафақаси ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлганларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 698 000 сўм, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 324000 сўм қилиб белгиланди.

Шунингдек, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари учун энг кам пенсия устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 3 миллион 80 минг сўмга оширилди. Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (бу 633000 сўм) 698 000 сўмгача  пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори – ойига 698000 сўмга етказилади.

Масалан, (эркак киши) 30 йил ишлаган, яъни талаб қилинган 25 йилдан 5 йил ортиқча иш стажига эга. Унга ёшга доир энг кам пенсия миқдори ва ортиқча ишлаган 5 йили учун 5 фоиз ошириш берилганда пенсияси 649200 сўмни ташкил этади. Энди ушбу пенсия миқдори 698 минг сўмга етказилиб қайта ҳисоблаб берилди.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 майдан бошлаб, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори ва иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда ойига 500 минг сўм этиб белгиланди. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори ҳам ойига 500 минг сўм бўлди ва кейинги ҳар бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 185 минг сўмдан қўшилади.

Масалан, 3 нафар фарзандига боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчи фуқарога 870 минг сўм нафақа тўланади. Яъни, бир нафар боласига 500 минг сўм, кейинги икки нафарининг ҳар бирига 185 000 сўмдан қўшилади. Вафот этган боқувчи иш стажига эга бўлмаганда, унинг оиласига ижтимоий нафақа тайинланади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа 500 минг сўм этиб белгиланиб, кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тайинланади.

Мисол учун, боқувчининг ўртача ойлик иш ҳақи 2022 йил 1 май ҳолатида 1 миллион 500 минг сўмни ташкил этади, унинг икки нафар фарзанди бўлиб, уларга боқувчисини йўқотганлик пенсияси берилади. Бу оила учун пенсия миқдори қуйидагича қайта ҳисоб-китоб қилинади – бир нафар фарзандига 500 минг сўм, иккинчи фарзандига ойлик иш ҳақининг 30 фоизи, яъни 450 минг сўм белгиланади.

Бугунги кунда вилоятимиз пенсия жамғармаси ҳисобида 439913 нафар пенсия ва нафақа олувчилар мавжуд бўлиб, уларнинг барчасига янги пенсия ва нафақа миқдорилари қайта ҳисоб-китоб қилиб чиқилди ва оширилган миқдорларда тўланиши таъминланади. Пенсия ёки нафақа олувчи фуқаро пулини банк пластик картаси орқали олаётган бўлса, унинг пенсия (нафақа) пули 1 май куни картасига тушириб берилди. Нақд пулдаги пенсия (нафақа)лар ҳам оширилган миқдорда май ойида тўлаб берилиши учун барча туман ва шаҳар пенсия жамғармаларида зарур чоралар кўрилган.

Абдурашид Раҳимов,

Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси шуъба раҳбари.