Пенсияда ўзгариш: 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобга олинади
Бу Президентимизнинг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонида белгиланди.
Пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида 2021 йилнинг 1 июнидан бошлаб, пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр - 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобга олинади. Яъни, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддаси «а» бандида 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Ҳозирда пенсияга чиқаётган фуқаронинг иш стажини ҳисоблаш учун 1991-2005 йилгача бўлган даврларда суғурта бадаллари тўлаганлиги тўғрисида архив маълумотлар сўралмоқда. Бу эса фуқароларнинг оворагарчиликларига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, турли сабабларга кўра архив ҳужжатлари сақланмаган бўлса 2005 йилгача иш ҳақи ва стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон ҳисоби юритилмаганлиги сабабли пенсия тайинлашда ушбу давр ҳисобга олинмасдан қолмоқда.
Дарвоқе, 2021 йил 1 июндан бошлаб 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш фақат янги тайинланган пенсия ишларига тадбиқ этилиши назарда тутилган.
Мазкур амалиёт Қирғизистон ва Озарбайжон давлатларида якка тартибдаги ҳисоботни амалиётга жорий этилгунга қадар бўлган даврни давлат томонидан пенсия миқдори ёки иш стажи шаклида совға қилинган.
Ушбу амалиёт жорий этилиши натижасида:
бир йилда ўртача 240-250 минг фуқаронинг иш стажини тасдиқлаш билан боғлиқ оворагарчиликлари бартараф этилади;
қўшимча харажат йиллик ўртача 130 миллиард сўм (1 июнь ойидан жорий этиш ҳисобига 2021 йилда 65 миллиард сўм)ни ташкил этади.