PISA дастури раҳбари Андреас Шляйхер: Замонавий технология ўқитувчининг ўрнини босмайди

Таълим соҳасидаги халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш ва изланишларда Ўзбекистоннинг иштирокини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда ўқувчиларни баҳолаш халқаро дастури –  PISA бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида юртимизга келган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) бош котибининг таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси, PISA дастурининг ташаббускори ва раҳбари Андреас Шляйхер Самарқандда бўлди.

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида таълим сифати ва ўқитувчилар мақомини оширишга бағишланган семинар ташкил этилди.

Андреас Шляйхер ташкилотнинг 60 йиллик тажрибаси, дунё мамлакатларида узоқ йиллар давомида олиб борилган таҳлиллари асосида таълим сифатини ошириш, ўқитувчилар мақомини кўтариш, ўқувчиларнинг ҳаётий кўникмаларини шакллантиришда педагогларнинг роли ҳақида маъруза қилди.

Юртингиз илк маротаба PISA бўйича халқаро дастурда иштирок этаётгани қувонарли, - дейди Андреас Шляйхер. – Тадқиқотнинг аҳамияти шундаки, жараёнлар натижа эълон қилиниши билан тўхтаб қолмайди. Шу асосда соҳани такомиллаштириш билан боғлиқ хулосалар қилиш, зарур ислоҳотларни амалга ошириш жуда муҳим. Ҳар қандай замонавий технология ўқитувчининг ўрнини боса олмайди. Лекин ўқитувчи замонавий технологиядан унумли фойдаланган ҳолда ўқувчига билим бериши зарур. Ривожланган мамлакатлар таълим тизими муваффақиятларининг сири ўқитувчиларнинг вақтини ижтимоий ўзаро муносабатларга сарфлаши, яъни ўқувчиларнинг ота-онаси билан мулоқот қилиб ишлаши ҳамда таълим жараёнларида ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиб, уларни чуқур фикрлашга ўргатишида.

Семинар давомида халқаро эксперт иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Шундан сўнг Андреас Шляйхер Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари билан учрашди ва ўқув жараёнларини кўздан кечирди.

Маълумот учун, мамлакатимиз 2022 йилда илк маротаба PISA бўйича халқаро дастурда иштирок этади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ўтказиладиган ушбу тадқиқотда 90 га яқин давлатлар қатнашади.

Фазлиддин Рўзибоев.