Пиёзнинг сохтa ун-шудринг кaсaллиги вa унгa қaрши қандай курaшилади?

Пиёзнинг сохта ун-шудринг (милдю, пероноспороз) касаллигини Peronospora destructor Casp. замбуруғи қўзғатади. Замбуруғ пиёзни, кам ҳолларда саримсоқни зарарлайди. Патоген пиёзбошларда уларни чиритмасдан, мицелий шаклида ва ўсимлик қолдиқларида оспоралари ёрдамида қишлайди. Уруғлик олиш учун экилган пиёзбоши ўсганида, касалликнинг диффуз шакли ривожланади - ўсимлик билан бирга замбуруғнинг мицелийси ҳам ўсади ва барча тўқималарга тарқалади. Касал ўсимликнинг барглари оч-яшил, сўнгра сарғиш тус олади, устида олдин оқ, кейин кулранг-бинафша тус олувчи юпқа моғор қатлами ҳосил бўлади. Деярли ҳар доим патогеннинг моғори устида қора моғор ҳосил қилувчи иккиламчи сапротроф замбуруғлар ривожланади. Зарарланган барглар сарғаяди ва сўлади, ўқбарглар синади. Диффуз зарарланган ўсимликларда кўплаб споралар ривожланади, улар шамол билан тарқалади ва шабнам ёки ёмғир томчилари мавжудлигида соғлом экинларни зарарлайди. Ўсув даврида патоген 7 тагача авлод беради.

Пиёздаги пероноспороз Ўзбекистонда ҳам қайд этилган ва у уруғлик экинлар учун катта хавф туғдиради. Aммо патогеннинг об-ҳавога нисбатан талабларини ташхис қилсак, касаллик ривожланиши учун мамлакатимизда имконият чегараланган, деган хулосага келамиз. Пероноспороз кучли ривожланиши учун тез-тез ва кўп ёмғир ёғиши ва ҳаво ҳарорати 10-15 даража бўлиши қулай ҳисобланади, 25 даража ва ундан юқори ҳароратда касаллик ривожланмайди. Пероноспорозга чидамли пиёз навлари мавжуд эмас.

Кураш чоралари:

▶️ ҳар 4 йилдан сўнг пиёз ўша далага жойлаштириладиган алмашлаб экишни жорий қилиш (эртаги карам, бодринг, помидор, кузги ғалла ва ёз бўйи экилмаган шудгор пиёз учун яхши ўтмишдошлар ҳисобланади);

▶️ экинни шамол учун очиқ, офтоб яхши тегадиган далаларга жойлаштириш;

▶️ уруғлик ва пиёзбош ҳосили учун ажратилган далаларни бир-биридан узоқроқ жойлаштириш;

▶️ элементлар баланси сақланган ўғит бериш;

▶️ зарарланган ўсимликларни юлиб, даладан чиқариб ташлаш;

▶️ бегона ўтларга қарши гербицид пуркаш;

▶️ ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб, йўқотиш;

▶️ уруғлик экинларга, заруриятга қараб 3-4 мартагача фунгицид пуркаш;

▶️ пиёзбошларни омборхонага қўйишдан олдин ташқи пўстлоғининг намлиги 14-16 фоиз бўлгунича қуритиш;

▶️ омборхонани дезинфекциялаш;

▶️ уруғлик олиш учун экишга мўлжалланган пиёзбошларни кузда (ёки баҳорда) 10-14 кун давомида, кунига 8 соатдан, 40-43 даража ҳароратда қиздириш, экишдан олдин самарали фунгицид (Витавакс 200ФФ, 2-4 л/т) билан дорилаш тавсия қилинади.