Покистонда содир бўлган портлаш оқибатида 7 киши ҳалок бўлди
27 октябрь куни эрталаб Покистоннинг Пешавар шаҳридаги семинарияда (махсус диний ўқув юрти) содир бўлган портлаш оқибатида камида етти киши ҳалок бўлди ва 70 киши жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий шифокорлар The Dawn нашрига хабар берди.
“Ҳалок бўлган етти киши ва жароҳатланган 70 киши, шу жумладан, ёш болалар ҳам даволаш муассасасига етказиб келинди”, деди Lady Reading госпиталининг расмий вакили Муҳаммад Асим.
Унинг сўзларига кўра, жароҳатланганларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган.
Полиция бўлиб ўтган воқеани тасдиқлади ва портлаш сабаблари ўрганилаётганлигини маълум қилди. The Dawn нашрининг маҳаллий полицияга таяниб берган хабарига кўра, портлаш сабаби қўл бола портловчи модданинг ҳаракатга келтирилганлиги бўлиши мумкин.
“Дастлабки маълумотлар портлаш чоғида қўл бола портловчи моддадан фойдаланилганини кўрсатмоқда”, деди полициянинг катта нозири Мансур Айман.
Шу билан бирга, у воқеа жойи ўраб олинганини ва полиция ҳодиса тафсилотларини ўрганаётганини таъкидлади.
“Портлаш, семинарияда, Қуръонни ўрганиш дарслари ўтказилаётган вақтда содир бўлган. Кимдир семинария ичкарисига сумка олиб кирган”, деди полиция зобити Вакар Азим.