Помидор кўчатлари қачон экилади ва қандай парваришланади?
Помидор ўзининг қимматли ва диэтик хусусиятлари сабабли бутун жаҳонда энг кенг етиштириладиган сабзавот экинларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунга келиб помидорнинг 1000 дан ортиқ навлари яратилган бўлиб, улар очиқ ва ҳимояланган майдонларда етиштирилмоқда.
Юртимизда кўп тарқалган помидорнинг эртапишар - Дўстлик, Сахий, Шафақ, Севара, ўрта-эртапишар - Тошкент тонги, Баҳодир, Шарқ юлдузи, Ситора, Авиценна, кечпишар - Намуна навлари кўп тарқалган.
Помидорнинг эртапишар навлари юртимизнинг жанубий вилоятларида мартнинг учинчи ўн кунлигида, ўрта ва кечпишар навлар апрелнинг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида экилади. Марказий вилоятларда эртапишар навлар апрелнинг биринчи ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида экилади. Экилгандан кейин кўчатларни албатта суғориш зарур. Бир сотих майдонга экиш схемасига қараб 300-500 туп кўчат сарфланади.
Экиш учун 40-45 кунлик помидор кўчатлари танланади. Уларнинг пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим. Касалликларга қарши курашиш учун уруғни экишдан олдин 48 соат давомида 50-52℃ ва 24 соат 80℃ қиздирилади.
Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилганидан 10-12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасидаги тупроқ юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12-15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгандан сўнг чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ кўчатнинг атрофига босилади.
Помидор мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул.