Барака ҳам, ишонч ҳам, имконият ҳам ҳалоллик бор жойда бўлади

Халқимиз орасида бир гап бор: “Ҳалол меҳнат қилганнинг баракасини Аллоҳ ўзи беради”. Болалигимиздан яхши биладиган бу ибора шунчаки таскин ёки тасодифан пайдо бўлган нақл эмас, балки авлодлар тажрибасида пишган, ҳаётнинг ўзи билан исботланган ҳақиқатдир.

Ҳар бир оилада, ҳар бир маҳаллада, ҳар бир касб-ҳунар соҳибининг тилида айланиб юрадиган бу ғоя нега халқимиз учун бу қадар қимматли? Чунки ҳалоллик – ҳаётнинг энг муҳим қоидаси, инсоннинг эътиқоди ва виқори, жамиятнинг юраги ва давлатнинг суянчиғи.

Одам ҳалол бўлса, унинг ҳар гапига, ҳар қадамига бамайлихотир ишониш мумкин бўлади, чунки поклик инсоннинг юзидан ҳам, юриш-туришидан ҳам билиниб туради. Амалдор ҳалол бўлса, жамоанинг кўнгли тинч бўлади. Савдо ҳалол бўлса, бозордаги нарх-наво арзонлашади. Аксинча, ҳалоллик сўнган жойда адолат сусаяди, ишонч камаяди, барака чекинади.

Тарих гувоҳки, зулм кучайган, ноқонуний ишлар одатга айланган жойда тараққиёт узоққа бормаган. Шунинг учун бўлса керак, Темур тузукларида: “Зулмнинг кичиги ҳам давлатни емиргайдир”, деб ёзилган.

Ҳалоллик фақат диннинг бир қисми эмас, ҳаётнинг талаби. Қуръони каримдаги “Пок ва ҳалол ризқлардан истеъмол қилингиз” амри инсоннинг фақат таомий эҳтиёжига тегишли эмас. Бу инсоннинг ҳар қадамида нияти пок, луқмаси ҳалол, қарори адолатли, меҳнати баракали бўлсин, деган умуминсоний чақириқдир. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳалол ва ҳаромни аниқ ажратиб, шубҳали ишлардан узоқ юришни буюрганлар.

Бугунги ҳаётда инсон олдига очиқ ва пок йўллар ҳам, манфаатли кўринса-да қалбни шубҳага соладиган йўллар ҳам чиқади. Айниқса, “тез пул топиш”, “осон фойда” деган таклифлар, ҳисоб-китобда кўз юмиб ўтиш, “ҳеч ким билмайди” деган ваъдалар – буларнинг ҳаммаси одамни ҳалол йўлдан адаштириши мумкин. Шундай пайтда инсонни асраб қоладиган фазилат унинг ички поклиги, ҳалол қадами. Чунки қалбга оғир тушадиган ишнинг оқибати ҳам оғир бўлади, пок ният билан қилинган иш эса кечроқ бўлса ҳам барака келтиради.

Кейинги йилларда мамлакатимизда “ҳалоллик маданияти” янгича тус олди. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳалолликни жамият онгига сингдириш, давлат хизматини поклаш, қарорлар қабул қилишда адолатни биринчи ўринга қўйиш бўйича қилинган саъй-ҳаракатлар бекорга эмас. Чунки халқнинг ишончи бошқача йўл билан эмас, фақат ҳалоллик билан орттирилади. Ишонч бор ерда эса ривожланиш ҳам бўлади. Давлат хизматчиси ҳалол бўлса, унинг қарорида халқ манфаати бўлади. Иқтисод ҳалол рақобатга таянса, сармоя ҳам келади, инновация ҳам ривожланади. Ёшлар ҳалолликни қадрлаб улғайса, юртнинг келажаги мустаҳкам бўлади. Демак, ҳалоллик шунчаки шиор эмас, балки давлатнинг ва жамиятнинг эртанги кунини белгилаб берадиган стратегик йўналишдир.

Ислом таълимотида ҳалоллик ўта муҳим ўрин тутади. Дин фақат ибодатдан иборат эмас. Тозалик, пок ният, ҳалол муомала, одамларни алдамаслик, ваъдага вафо – буларнинг барчаси ибодатнинг давоми саналади. Савдогар ҳалол бўлса – бозорда барака бўлади, табиб ҳалол бўлса – халқ саломат бўлади, муаллим ҳалол бўлса – авлоднинг келажаги пок ва порлоқ бўлади, амалдор ҳалол бўлса – эл-улусда адолат ҳукмрон бўлади. Кўриб турибмизки, ҳалоллик жамиятнинг барча тузилмаларини боғлаб турадиган устундир.

Иқтисодий соҳада ҳам ҳалоллик ривожланишнинг ҳал қилувчи мезони. Давлат харидларида очиқлик, маблағлар сарфида шаффофлик, тўғри ҳисоб-китоб, ҳалол рақобат, солиқда адолат, коррупцияга муросасизлик – буларсиз иқтисод юрмайди, сармоя кирмайди, инновация ривожланмайди. Барака ҳам, ишонч ҳам, имконият ҳам ҳалоллик бор жойда бўлади. Шунинг учун ҳалол иқтисодиёт – халқ фаровонлигининг ҳам асоси.

Ҳалолликнинг қиймати бугун ҳам, эрта ҳам бирдек муҳим. У инсоннинг ўзини асрайди, жамиятнинг бирдамлигини таъминлайди, давлатнинг пойдеворини мустаҳкамлайди. Келажагини ўйлаган юрт биринчи навбатда ҳалолликни қадрлайди. Чунки барча буюк ишлар пок ниятдан, ҳалол йўлдан бошланади. Халқимиз бежиз “Ҳалолнинг йўли узоқ, келажаги нурли” демайди.

Ҳалолликни ўзимиздан олдин ҳеч ким талаб қилмайди, уни биринчи навбатда қалбимиз амр этиши керак. Қадамини тўғри қўйган киши на вақтдан, на имтиҳонлардан, на синовлардан қўрқади. Шу боис ҳар дам кўнгилга оғир келмайдиган, эртага юзимиз қизармайдиган йўлни танлашимиз керак. Ҳар бир ишимизда самимиятни устувор қўйиш, ҳеч ким кўрмаса ҳам адолатдан четга чиқмаслик, “майли, Ўзи кечирсин” дейиш одатини ҳаётимиздан чиқариш зарур.

Бугунги юксалиш, янгиланишлар даврида бизга енгил йўл эмас, тўғри йўл керак. Шунинг учун ҳам ҳар ким ўз ўрнида масъулиятни ошириши, ўз ҳисоби, ўз сўзи, ўз ҳаракатига эътиборли бўлиши шарт. Бировнинг эмас, виждоннинг назорати биринчи ўринга чиқиши керак.

Хулоса ҳам шундай, ҳалолликни ўзимиздан бошласак, ўзимиз учун ишонч ва фаровонликни барпо қилган, юртимизнинг нурли келажагини кафолатлаган бўламиз.

Шерзод Маматов,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.