Пойабзал ичидаги пул
Бир олим шайх шогирди билан боғда сайр қилиб юрганди. Сайр асносида эски пойабзалга дуч келишибди. Икковлари бу пойабзал шу боғда ишлаётган бир фақирга тегишли эканини ва у шу пайтда ишини якунлаб пойабзалини олишга келишини тушунди.
Шунда шогирд устозга дебди:
"Устоз, ҳазил қилиб бу ишчини пойабзалини яшириб қўймаймизми, уни олишга келганида йўқолиб қолганини кўрганда нима иш қилишини томоша қиламиз".
Устоз унга жавоб берди:
"Бошқаларни ғамга тушириш билан кўнгилни кўтармаслик лозим. Унинг пойабзали ичига нақд пул солиб қўй, сўнг яширинамиз. Буни унга қандай таъсир қилишини кўрамиз".
Шогирд пойабзал ичига пул солиб қўйди. Икковлари ишчининг бунга муносабатини кўриш учун дарахт ортига яширинишди.
Бироздан кейин ишчи пойабзалини олиш учун келди. Оёғини суққан эди, ичида нимадир борлигини билди. Уни чиқариб олиб қараса, нақд пуллар.
У бироз пулларга тикилиб турди. Туш кўрмаётганини англаш учун пулга қайта назар солди. Кейин ҳар томонга аланглаб қаради. Сўнг йиғлаган ҳолида осмонга назар солиб баланд овоз ила Роббига муножот қилди:
"Эй Роббим! Сенга шукрларим бўлсин. Хотинимнинг бетоблигини ва фарзандларим нон топа олмаётганидан оч қолганини билдинг! Мени ҳам фарзандларимни ҳам ҳалокатдан қутқардинг..."
Шогирд бундан қаттиқ таъсирланиб кўзига ёш олди.
Шунда устоз деди:
"Энди унинг пойабзалини яшириб қўйиш таклифингдан кўра ўзингни кўпроқ бахтиёр сезмаяпсанми?!"
"Ҳеч ҳам унутмайдиган дарс олдим, - жавоб берди шогирд. - Ана энди, ҳаётимда мен фаҳмламаётган баъзи сўзларнинг маъносини англаб етдим: сен берганингда олганингдан кўра кўпроқ бахтли бўласан".