Пойтахтдаги чорраҳаларга нега “Вафел чизмалари” ётқизилди?

Пойтахтда кун сайин автомобиллар сони ортиб бориши сабабли тирбандликлар ҳам кўп учрамоқда. Ушбу муаммо кўпинча чорраҳаларда сабрсиз ҳайдовчилар светофорнинг яшил чироғи ўчиб-ёнаётганида ўтиб кетмоқчи бўлишлари сабабли юзага келади, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабарида.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари пойтахт Ҳокимияти билан ҳамкорликда халқаро тажрибага асосланган ҳолда, синов тариқасида шаҳар йўлларида тирбандлик билан курашишнинг янги услубини жорий қилишди. Хусусан, мазкур чизмани қўллаш қарори қабул қилинишига Сингапурдаги муваффақиятли тажриба сабаб бўлди. Ушбу янгилик сабабли Сингапур ҳукумати йўллардаги ҳолат яхшиланишига эришган.

Ўтган ҳафтанинг охирида пойтахтдаги бир нечта чорраҳаларда ётқизилган янги йўл чизмаси ташқи кўриниши сабабли халқ тилида “вафел чизмаси” деб номланади.

Чизма ёрдамида ҳаракат йўналишида тирбандлик юзага чиққан ҳолатда чиқиш мумкин бўлмаган ҳудуд белгилаб олинади ва ҳайдовчи тўхташга мажбур бўлади. “Вафел чизмаси” ЙҲҚ билан белгиланган баъзи ҳолатларда ўнг ёки чап томонга бурилишни тақиқламайди.

Чизма параллел кесишадиган сариқ рангли диагонал чизиқлардан ҳосил бўлган катаклар кўринишига эга. “Вафел чизмаси” мустақил тарзда ҳамда чорраҳага яқинлашиш ҳақида огоҳлантирувчи йўл белгиси билан бирга қўлланилиши мумкин.

Ҳозирги вақтда сариқ рангли катаклар Нукус кўчасининг Бобур, Абдулла Қаҳҳор, Глинка, Бешёғоч, Миробод, Авлиё-Ота, Афросиёб кўчалари билан кесишмасида – жами еттита чорраҳаларда чизилган.

Синов тариқасида чизилаётган чизма тирбандликлар кўп учраб турадиган, бошқариладиган чорраҳаларда қўлланилади. Яқин кунларда пойтахтнинг яна 18 та чорраҳаларида, яъни қуйидаги кўчалар кесишмаларида “Вафель чизмалари”ни ташкил этиш режалаштирилмоқда: Нукус – Тарас Шевченко, Нукус – Амир Темур, Нукус – Истиқбол, Мустақиллик – Оққўрғон, Мустақиллик – Сайрам (7-йўл), Мирзо Улуғбек – Дўрмон йўли, Дўрмон йўли – Мингбулоқ, Дўрмон йўли – Ғазалкент, Дўрмон йўли – Темур Малик, Мустақиллик – Шастри, Мустақиллик – Шаҳрисабз, Шаҳрисабз – Амир Темур, Алишер Навоий – Зарафшон, Шароф Рашидов – Алишер Навоий, Шараф Рашидов – Матбуотчилар, Шараф Рашидов – Афросиёб, Фидойилар – Афросиёб, Шаҳрисабз – Афросиёб.

Режалаштирилган ишлар якунлангач, Тошкентдаги қамраб олинган чорраҳаларнинг умумий сони 25 тани ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори) “Чорраҳада ҳаракатланиш” бобидаги 97-бандга мувофиқ “Ҳайдовчи тирбандлик туфайли мажбурий тўхтаб, кўндаланг йўналишдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик туғдирадиган бўлса, чорраҳа ёки қатнов қисмлари кесишмасига кириши тақиқланади”.

Бундан ташқари, фурсатдан фойдаланиб, Йўл ҳаракати қоидаларининг 103-бандини эслатиб ўтамиз:

“Светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнганда ҳайдовчи чорраҳа орқали ҳаракатланишни тугаллаётган транспорт воситалари ва қатнов қисмидан тегишли йўналишда ўтишни тугаллаётган пиёда(лар)га йўл бериши шарт”.

Аммо ҳозирги вақтда баённомаларни расмийлаштириш кўзда тутилмаяпти: ҳайдовчиларга чизманинг талабларини ўрганиб чиқиш учун вақт ва унга кўникиш учун имконият берилади.

Ҳурматли ҳайдовчилар! Ушбу янгилик сизга қулайлик яратиш учун йўлга қўйилмоқда. Янги талабларни ҳурмат қилиб, уларга риоя қилишингизни сўраймиз.