Президент: “781 та маҳаллада 30 йилдан буён чиқиндини олиб чиқиш масаласи ҳал этилмаган”

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда чиқиндилар боғлиқ ҳолат танқидий руҳда муҳокама этилмоқда.

Жумладан, дунёда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ортиб бораётгани, мамлакатимизда сўнгги йилларда иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши натижасида ўсиш 2 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар миқдори 7 миллион тоннага етгани айтилди.

“Лекин, ушбу чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи қониқарли эмас.
Мисол учун, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси Андижонда – 45 фоиз, Бухорода – 43 фоиз, Навоий ва Наманганда – 36 фоизни ташкил этиб, яхши натижа кўрсатилмоқда. Аксинча, Қорақалпоғистон – 10 фоиз, Фарғона ва Қашқадарё – 20 фоиз билан қолган ҳудудлардан орқада.

Сабаби - ушбу ҳудудларда маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш кластерлари фаолияти ҳали тизимли йўлга қўйилмаган”, деди давлат раҳбари.

Шунингдек, чиқиндиларни олиб чиқиш қамрови 90 фоизга етган бўлса-да (2017 йилда атиги 25 фоиз эди), 781 та маҳаллада 30 йилдан буён чиқиндини олиб чиқиш масаласи ҳал этилмагани танқид қилинди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев экологияга бўлган муносабатга ҳам тўхталди:

“Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун биз табиатга меҳр ва эътибор беришимиз, у билан уйғун бўлиб яшашимиз керак.

Бу нима дегани? Бу – табиатни тоза-озода тутиш, ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш, дарахт экиб, боғ яратиш дегани.

Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур.

Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз.

Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Агар шу юрт, шу тупроқ биз учун муқаддас бўлса, нима учун уни тоза-озода сақламаймиз?"